Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:42

Гўёки ўлган адвокатнинг жиноят иши судга оширилди


Қирғизистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, таниқли адвокат Саидкамол Аҳмедовнинг адвокати Тоир Асанов ўз мижози Андижон турмасида қийноқлардан ўлгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

С.Аҳмедовнинг гўёки вафот этгани ҳақидаги хабар 8 январь куни пайдо бўлган, ўша куниёқ “Озодлик”нинг Бишкекдаги мухбирлари унинг асоссизлигини маълум қилганди.

Тоир Асанов С.Аҳмедов ҳозир Ўшдаги тергов изоляторида сақланаётгани, 9 январь куни у билан учрашгани, мижозининг устидан очилган жиноят иши шу куни Ўш шаҳри судига ўтказилгани, 11 январда эса бу иш кўриб чиқиладиган сана белгиланишини билдирди.

Энди сал бўлмаса Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларига яна бир маломат бўлиб қолаёзган асоссиз хабар қаҳрамони тўғрисида икки оғиз сўз.

Ёши 50дан ошган Саидкамол Аҳмедов асли адвокат. Кейинги йилларда у инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ва журналист сифатида жамоатчилик орасида обрў қозонган. С.Аҳмедовнинг Андижон турмасида ўлгани ёлғон, лекин унинг Ўзбекистонда 2007 йилнинг сўнгги ойларида ҳибсда сақлангани рост.

Жалолободлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдумалик Шариповнинг айтишича, С.Аҳмедов Қирғизистонга янги йил арафасида топширилган.

Абдумалик Шарипов С.Аҳмедовнинг Ўзбекистон қамоқхонасига тушиб қолиш тарихини айтиб берди.

“Бир одамнинг мол-мулкини божхона ноҳақ мусодара қилиб қўйган. Ўша кишининг ҳуқуқларини С.Аҳмедов ҳимоя қилган. Лекин иш адоғига етгунича жуда кўп вақт ўтган ва мулк эгаси зерикиб, ундан кечиб юборган ҳам. Айни пайтда мулк эгаси ўзи ёллагани адвокат С.Аҳмедовнинг хизмат ҳақини беришдан ҳам бош тортган. Мулк эгаси мулкидан кечгани, агар С.Аҳмедов уни ундириб ололса, адвокатлик хизмати ҳақини ўша мулк ҳисобидан чиқариб олаверишини айтган”,- дейди А.Шарипов.

С.Аҳмедов ҳаракатларини тўхтатмайди ва муаммо ҳал бўлади. Ғайриқонуний мусодара қилинган мулк эгасига ундириб берилади. Лекин иш кутилмаганда чаппасига кетади. Мулк эгаси С.Аҳмедов унинг пулини тортиб олгани юзасидан прокуратурага арз қилган.

“Прокуратура билан муносабатлари анча таранг бўлиб келган адвокат С.Аҳмедов латта ҳиди анқий бошлаганини сезган ва Қирғизистондан Қозоғистонга чиқиб кетган. Қочқин сифатида Олмаотада БМТдан бошпана излаётган шахс мақомини олган.

БМТдан бошпана излаётган шахс мақомини олган киши дахлсиз бўлиши керак. Лекин С.Аҳмедов 2007 йилнинг сентябри бошида Тошкентга, қайнонасининг уйига борганида Ўзбекистон томони Қирғизистон талаби билан уни ушлаб, 2 ойдан ортиқроқ Тоштурмада сақлаган.

С.Аҳмедов ҳибсга олинганидан кейинги бир неча ҳафта ҳамда Қирғизистонга бериб юборилишидан олдин қарийб бир ой давомида оиласи унинг қаердалигини била олмай сарсон-саргардон бўлди.

Энди эса С.Аҳмедов ўз юртида. 11 январь куни устидан суд бошланадиган кун белгиланади. Унинг адвокати Тоир Асанов иш яхшилик билан тугайди, деган умидда.
XS
SM
MD
LG