Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:39

“Тата” дунёдаги энг арзон автомобилни сотувга чиқаради


Ҳиндистоннинг автомобиль ишлаб чиқарувчи йирик “Тата” ширкати ўз мижозларига “халқ машинаси” номини олган жаҳондаги энг арзон тўрт ғилдиракли автомобилни тақдим этди.

Нархи 100 минг рупий, яъни 2,5 минг доллар турадиган бу машина шу пайтгача автомобиль сотиб олишга қурби етмай юрган миллионлаб ҳиндистонликларнинг орзусини рўёбга чиқарса, ажаб эмас. Ҳиндистон автосаноатида сўнгги пайтларда ўсиш кузатилаётган эса-да, миллиардлик аҳолига эга Ҳиндистонда бугунги кунда ҳар минг одамнинг етти нафари шахсий автомобилига эга.

“Nano” номини олган янги машина Ҳиндистон пойтахти Деҳлида ўтаётган автокўргазмада тақдим этилди. Жаҳондаги энг арзон автомобиль тақдимотида сўз олган “Тата” раиси Ратан Тата буни катта воқеа, деб атади.

Беш ўриндиқли бу машинага 624 куб сантиметр ҳажмли, 33 от кучига эга двигатель ўрнатилган, 100 километрга тахминан беш литр бензин сарфлайди. “Тата” ширкати вакиллари машинанинг Ҳиндистонда бозори чаққон бўлишига шубҳаланмайди. Ширкат йилига бир миллион дона ана шундай машина ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.

Атроф-муҳит ҳимоячилари эса Ҳиндистон кўчалари машиналарга тўлиб кетиши, бунинг оқибатида ҳаво заҳарли газлардан янада ифлосланишидан хавотирда. “Тата” муҳандислари эса янги автомобиль ҳавога бошқа автомобилларга қараганда нисбатан кам заҳарли газ чиқариши билан ажралиб туришини айтаётир.

“Тата” раҳбари Ратан Тата “Nano” келажакда уч ғилдиракли рикшалар ўрнини эгаллаб, мамлакат кўчаларини хавфсизроқ қилишига умид билдирди.

“Тата” ширкати “Nano”ни Ҳиндистонга қўшни давлатлар, Яқин Шарқ ва Осиё давлатларига ҳам экспорт қилишни режалаштирган. Аммо машинанинг нархдан кўра хавфсизлигига кўпроқ эътибор қаратиладиган Европа ва АҚШга экспорт қилиниши эҳтимолдан анча йироқ. Шундай бўлса-да, “Тата” вакиллари европалик ва америкалик мижозларга бу ҳақда ўйлаб кўришни тавсия этмоқда.
XS
SM
MD
LG