Линклар

Жорж Буш Яқин Шарқда тинчлик ўрнатилишига ишонади

  • Ҳасанжон

Яқин Шарқ давлатлари бўйлаб кўп кунлик сафарини давом эттираётган АҚШ президенти Жорж Буш 10 январь куни Рамаллоҳда Фаластин мухторияти раҳбари Маҳмуд Аббос билан музокара ўтказди.

АҚШ президенти Исроил ва Фаластин раҳбарлари фурсатдан фойдаланиб ёнма-ён, тинч ва тотув яшайдиган икки давлат ҳақида шартнома имзолашига ишончи комил эканини билдирди.

“Мен бундай келишувга эришиш мумкинлиги, нафақат мумкинлиги, балки шартнома мен истеъфога чиққунимга қадар имзоланишига ишонаман. Бундай дейишимга сабаб, Исроил бош вазири ва Фаластин президенти шартнома имзолаш кераклигини айтяпти”, – деди Ж.Буш.

Ж.Буш фикрича, мустақил Фаластин давлатининг барпо этилиши нафақат Фаластин ва исроилликлар, балки бутун дунё манфаатига хизмат қилади.

АҚШ раҳбари икки томон олдида ҳали қилинадиган ишлар кўп эканига урғу берди.

Ж.Буш Исроил Фаластин ерларига яҳудийлар учун атайин уйлар ва хавфсизлик постлари қурмаслиги кераклигини таъкидлади. Айни пайтда у фаластинликларни Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракеталар отишни тўхтатишга чақирди.

Исроил-Фаластин тинчлик шартномаси имзоланишига бир неча муаммо ҳал этилмагани тўсқинлик қилмоқда. Масалан, Исроил ҳам, Фаластин ҳам Қуддус шаҳрини ўз пойтахти, деб эълон қилишни хоҳлайди. Исроилни тарк этишга мажбур бўлган фаластинлик қочқинларнинг ортга қайтишига рухсат берилиши ёки уларга товон пули тўланиши каби муаммолар ҳозирга қадар ҳал этилмаган.

Жорж Буш АҚШ президенти сифатида Исроилга қилган дастлабки сафарининг биринчи кунида, яъни 9 январь куни Исроил раҳбарлари билан музокара ўтказди. Сўзлашувдан кейин Исроил бош вазири Эҳуд Олмерт ўз мамлакати фаластинликлар билан узил-кесил тинчлик шартномаси имзолаш ниятида эканини айтди.

“Исроил томони келишув имзолаш учун ҳал қилиниши зарур бўлган барча муҳим муаммоларга ечим топишда жиддий музокаралар олиб боришга бел боғлаган”, – деди Эҳуд Олмерт.

Жорж Буш Қувайт, Баҳрайн, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистонида ҳам бўлиб, Яқин Шарққа сафарини 16 январь куни Мисрда якунланиши кутилмоқда. Минтақага сафари доирасида Жорж Бушнинг Ироққа бориши режалаштирилмаган.
XS
SM
MD
LG