Линклар

Карикатуралар мусулмонларнинг нафсониятига тегди

  • Абдулла Искандар

Туркияда чиқадиган “Миллият” газетасида чоп этилган дайди итлар саргузаштлари акс этган суратлар жанжалга сабаб бўлди. Дайди итларнинг мусулмонча исмлар билан аталиши диний гуруҳларнинг нафсониятига тегди.

Туркияда карикатура жанри жуда ривожланган бўлиб, яқинда Истанбулда бўлиб ўтган карикатура кўргазмасини эллик мингдан зиëд томошабин келиб кўрган эди. Туркияда ҳажвчи рассомларни ўзида бириктирган бир қанча уюшма бор. Тўгаракларда ëши бир жойга борган кампирларнинг ҳам карикатура чизиш санъатини ўрганаётганини кўриш мумкин. Коллеж ва университетларда карикатура алоҳида дарс сифатида ўқитилади.

Истанбулдаги мактаб ўқувчиси Ëсамин исмли қизалоқ ҳам карикатура чизишни хуш кўради.

“Одамларни диққат билан кузатиб, унинг нуқсонларини бўрттириб акс эттириш керак, дейди ўқитувчимиз. Масалан, партадошим Аҳмад доимо кир-чир юради. Қўлини ювмайди. Мен уни исқирт ва қоринбой қилиб тасвирладим”,- дейди Ёсамин.

Туркия карикатураларидаги энг машҳур образ Афандининг эшагидир. Бу эшак сабр-бардошли, меҳнаткаш, аммо бироз овсар кишининг тимсолидир.

Мамлакат президенти, ишчи ëки сиëсатчи эшак қиëфасида тасвирланиши Туркияда кўп учрайди. Эшакнинг жундор қулоқлари ғаразгўйликни ифодаласа, унинг катта думбаси мулозимларнинг ялқовлиги ва порахўрлигини акс эттиради.

Истанбулдаги кўргазмада ҳам эшак тасвирланган карикатураларга алоҳида зал ажратилганди.

Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида турк рассомлари ҳажв расмлар чоп этиладиган “Пингвин” журналини ташкил қилди. Арзон-гаров қоғозга алмисоқдан қолган босмахонада чоп этилишига қарамай, бу нашрнинг муштарийлари кўп. “Пингвин” Ўзбекистондаги “Муштум” журналини эслатади.

Ўтган йилнинг март ойида Туркия бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон “Пингвин” журналини судга бериб, рассомлардан 30 минг доллар товон талаб қилганди. Журналда бош вазир айëр мушук қиёфасида акс эттирилган эди.

Туркия суди бош вазир даъвосини асоссиз топиб, рассомларни оқлади. Суд жараёнида рассомлар Туркия сиëсий тарихидаги арбоблар турли ҳайвонлар қиёфасида ифодалаган бир қанча карикатураларни кўрсатиб, бу ҳолат Туркиядаги сўз эркинлиги ҳимояси остида эканини исбот қилди.

“Миллият” газетасида чоп этилган карикатуралар юзасидан ҳам бир гуруҳ мусулмонлар нашрни судга тортиш ҳаракатида бўлмоқда.
XS
SM
MD
LG