Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:25

Пролетариат доҳийси истироҳат боғидан қувилди


Гулнора Душанбе шаҳри ҳокимлиги Владимир Илъич Лениннинг Тожикистон пойтахтида шу кунга қадар сақланиб қолган ягона ҳайкалини марказий истироҳат боғидан олиб ташлашга қарор қилди.

10 январь куни дунё пролетариати доҳийси сифатида улуғлаб келинган Лениннинг ҳайкалини олиб ташлаш бошланди. Шаҳар раҳбарининг бу қарори катта ёшдаги аксарият тожикистонликларни ранжитгандай кўринди. Ҳар ҳолда Ленин бошлаб берган сиёсат таъсирида улғайган бу шахслар учун ўз тарихидан узилиш анча оғир экани кўриниб турарди.

Суҳбатлар чоғида эса тожикистонлик ёшларнинг кўпчилиги пролетариат доҳийсини танимаслиги маълум бўлди. Уларнинг аксарияти Ленинни рус шоири сифатида танишини билдирди.

Албатта, ёшлар ўртасида Ленин ҳақида оз бўлса-да, биладиганлар топилди. Садриддин Айний номидаги Тожикистон давлат педагогика университети талабаси Умиджон эса ўз қишлоғида Ленинга ўрнатилган ҳайкал ҳали ҳам сақланиб қолаётганини айтди.

Душанбе шаҳри ҳокимлиги матбуот хизмати бошлиғи Шавкат Саидовнинг сўзларига кўра, Лениннинг марказий истироҳат боғидан олиб ташланган ҳайкали шаҳар маданият бошқармаси омборида сақланади. 21-асрга қадар Ленин номи билан аталган марказий боғ яқин кунларда Тожикистон Миллат қасрига туташтирилиб, бундан сўнг форс-тожик классик адабиёти асосчиси Абу Абдулло Рудакий номини олади. Илъич ҳайкали ўрнига эса Рудакий ҳайкали қад ростлайди.

Пролетариат доҳийсининг Душанбеда шу кунгача сақланиб келган бу энг сўнгги ҳайкали марказий боққа 1926 йилда ўрнатилган эди. Ҳайкал рус ҳайкалтароши Владимир Козлов ижодига мансубдир.

1991 йилда Лениннинг пойтахтнинг марказий майдонидаги бошқа бир ҳайкали шу майдонда тўпланган намойишчилар томонидан ағдариб ташланиши Тожикистонда фуқаролар уруши бошланиш нуқтасига тўғри келган эди.
XS
SM
MD
LG