Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:40

Ёшларнинг Ёшлар йилига ишончи йўқ


“Озодлик” мухбири Қозоғистонга келган ўзбекистонлик айрим ёшлар билан суҳбатлашиб, Ўзбекистонда 2008 йил Ёшлар йили, деб эълон қилингани юзасидан фикрларини ўрганишга ҳаракат қилди.

Бишкекдаги университетларнинг бирида таҳсил олаётган ўзбекистонлик ёш журналист Фазлиддин Абдукаримов Ёшлар йилида ёшлар ҳаётида бирор ўзгариш бўлишига ишонмаслигини билдирди.

“Сиёсат шу даражадаки, ёшларга умуман имкониятлар қолмади. Масалан, ўқишга кириш жуда қийин. Чет элда ўқиш учун грант берадиган ташкилотлар ҳам мамлакатдан қувиб чиқарилди. Ўзим уч йил давомида Тошкент давлат юридик институтига ўқишга кира олмадим. Домлалар 10 минг доллар берсам, шартнома асосида ўқишга киритиб қўйишини очиқ айтган”,- дейди Фазлиддин.

Унинг айтишича, кейин Бишкекдаги Америка университетига ўқишга топшириб, имтиҳондан жуда осон ўтган.

“Қайтиб бориб Ўзбекистонда ишлагим бор. Аммо борганимдан кейин муаммо бошланади. Дипломинг ўтмайди, деган баҳоналар бўлади. Бирор корхона очай десам, Ўзбекистонда бизнес қилишга йўл йўқ”,- дейди Фазлиддин.

Ўзбекистонлик яна бир суҳбатдош, ёш инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Феруза Ҳотамова Ўзбекистонда йилларни номлаш анъанага айлангани, лекин бу йилларда белгиланган ишларнинг бирортаси охирига етказилмаганини таъкидлади.

“Ҳозир ёшларнинг ишсиз қолгани, ўқишга кириши жуда катта муаммо. Коллежни битирганлар ишга кира олмайди. Лекин коллежда ўқиш шарт. Бозорда эса 7 ёшдан 70 ёшгача ҳамма арава судрайди. Бундай шароитда ёшлар келажагини ўйлаб бўладими”,- деди Феруза.

Ферузанинг сўзларига кўра, Ёшлар йили мамлакат ёшлари манфаати учун эмас, балки маълум бир ташкилотлар, масалан, “Камолот” каби ҳаракатлар фойдасига хизмат қилади.
XS
SM
MD
LG