Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:56

Р.Таукина: “Юсуф Жума оиласи тақдири Ўзбекистон фожеасидир”


Инсон ҳуқуқлари халқаро бюросининг Олмаота ваколатхонаси ва “Журналистлар хавф остида” ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматининг ҳибсда сақланаётган мухолифатчи шоир Юсуф Жума ва оила аъзоларига нисбатан юритаётган сиёсатини қоралади.

Шунингдек, бу ташкилотлар шоирнинг Қозоғистонга қочиб ўтган оила аъзоларининг мазкур давлатда қолиши ўта хавфли экани боис, улар зудлик билан учинчи мамлакатга кўчирилиши лозимлигини билдирмоқда.

Юсуф Жуманинг оила аъзоларига ҳуқуқий кўмак кўрсатаётган Инсон ҳуқуқлари халқаро бюросининг Олмаота ваколатхонаси вакили Денис Живаго бўлиб ўтган воқеалар ҳисобга олинса, уларнинг Қозоғистонда қолиши хавфли эканини таъкидлади.

“Ҳозир ҳеч ким, ҳатто БМТ қочқинлар идорасининг Олмаота ваколатхонаси ҳам уларнинг бу давлатдаги хавфсизлигини таъминлаб бера олмайди. Шу боис, Жумаевлар оиласига тезроқ қочқин мақоми берилиши ва учинчи давлатга кўчирилиши лозим, деб ўйлаймиз. Бу мухолифатчи шоир оиласининг ҳаётини сақлаб қолиш учун кўрсатилажак энг биринчи ва зарур ёрдамдир”,- деди Д.Живаго.

“Журналистлар хавф остида” ташкилоти раҳбари Розлана Таукина ҳам ҳозир Ўзбекистон махсус хизматлари қўшни давлатда эркин фаолият юритаётани боис, Қозоғистон ўзбек қочқинлари учун хавфли ҳудуд бўлиб қолаётганини бот-бот такрорлаб келаётганлардан бири. Бундан аввал Қозоғистон ҳудудида ўзбек қочқинлари номаълум шароитларда ғойиб бўлгани, уларнинг тақдири ҳозиргача номаълум қолаётгани Юсуф Жума оила аъзолари ҳаётидан хавотирни янада кучайтиришини айтади Р.Таукина.

“Уларни хавфсиз ва тинч шароит яратиб беришга кафолат бера олмайдиган давлатда қолдириш мутлақо нотўғри. Мен шоир Юсуф Жумани фуқаролик позициясига эга виждонли инсон, деб ҳисоблайман. Инсон ўз позициясини очиқ-ойдин билдиргани учун уни таъқиб қилиб, сўнг қамоққа солиш, фарзандларини дўппослаш орқали босим ўтказиш Ўзбекистон ҳукуматининг шафқатсиз сиёсат юритаётганидан далолат беряпти. Бу оиланинг тақдири Ўзбекистон фожеасидир”,- деди Р.Таукина.

Шоирнинг Қозоғистонга қочиб келган тўнғич ўғли Алишер Жумаев эса “Озодлик” мухбири билан суҳбатда ўзи билан бирга келган укалари касал эканини маълум қилди.

“Укаларимнинг иситмаси баланд. Ичаклари оғриётганидан шикоят қиляпти. Ичаклари шамоллаган бўлса керак, чунки 10 декабрь куни улар уйдан қор ва ёмғир остида қочиб чиққан. Шу кунгача кўчада юргандек юриб келди”,- деди А.Жумаев.
XS
SM
MD
LG