Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:16

AES Тожикистондан жуфтакни ростлаяпти


АҚШнинг Тожикистондаги энергетик лойиҳаларда фаол иштирок этиш ниятида бўлган AES Corporation энергетика ширкати мазкур мамлакатдаги фаолиятини тўхтатишини маълум қилди.

Ширкат “Барқи тожик” компанияси билан имзоланган шартномани бир томонлама бекор қилиш тўғрисида Тожикистон томонини огоҳлантирди.

2006 йил майида AES Corporation раҳбарининг ўринбосари Пол Ҳенрохан Тожикистон президенти билан учрашган, шундан сўнг ширкат Тожикистонда ишлаб чиқариладиган электр энергиясини Афғонистон ва Покистонга экспорт қилишга оид лойиҳаларда қатнашиш ҳақида икки томонлама шартномалар имзолаган эди.

Мазкур ширкат менежери Дилшод Исматуллоевнинг билдиришича, AES Corporation Тожикистон жанубида бир неча ГЭС қурилиши лойиҳаларини молиялаштириш борасида ҳам ҳукумат билан ҳужжат имзолаган.

“Ширкатимиз Тожикистондан Афғонистонга 220 киловольт, Покистонга 550 киловольт қувватли электр узатиш линиялари қуришга доир лойиҳаларда қатнашиши борасида келишувга эришилган эди. Бундан ташқари, 1000 мегаватт қувватга эга ГЭСлар қурилишига доир лойиҳаларда ҳам қатнашиши режалаштирилган ва ҳатто бу борада меморандум ҳам имзоланган эди. Бироқ кўзланган режалар қайси сабаблар билан амалга оширилмай қолгани хусусида аниқ бир гап айтишим қийин”,- деди Д.Исматуллоев.

AES Corporationнинг Қозоғистонда жойлашган Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси раҳбари Марат Кожаҳмедов эса Тожикистондаги ваколатхона айрим муаммолар сабабли ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлганини таъкидлади.

“Бироқ бу муаммолар Тожикистоннинг ички ва ташқи сиёсатига дахлсиздир.
18 январда компаниямизнинг Америка ва Россиядаги масъул раҳбарлари Тожикистонга келиши кутилмоқда. Тожикистон энергетика тизими раҳбарлари билан учрашувда биз у ердаги фаолиятимиз тўхтатилгани сабаблари юзасидан маълум қиламиз”,- деди Марат Кожаҳмедов.

“Барқи тожик” компанияси бош муҳандиси ўринбосари Рашид Гулов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда AES Corporation фаолиятидаги айрим нуқсонлардан нолиди.

“Хитой, Россия, Эрон каби йирик давлатлар Тожикистондаги энергетик лойиҳаларда фаол қатнашмоқда. Америка ҳам истаганича қатнашсин. Аммо бу ширкат мақсадлари Тожикистон миллий манфатларига зид бўлмаслиги керак. Агар бу ширкат ўз манфаатини Тожикистон миллий манфаатларидан устун билса, албатта, биз ҳам унинг фаолиятига йўл бера олмаймиз”,- деди Рашид Гулов.
XS
SM
MD
LG