Линклар

Ўзбекистон фуқароси прокурорни ўлдиришда гумонланмоқда

  • Ҳасанжон

Ўзбекистоннинг 1980 йилда туғилган фуқароси Россиянинг Челябинск шаҳридаги Ленинский тумани прокурорининг катта ёрдамчиси Марина Санниковани ўлдиришда гумон қилинмоқда.

Маълумотларга кўра, тергов манфаатини кўзлаб ҳозирча исми ошкор қилинмаган Ўзбекистон фуқароси қотилликни ўғирлик мақсадида 1 январга ўтар кечаси содир этган.

Россия Бош прокуратураси ҳузуридаги Тергов қўмитасининг Челябинск вилояти бошқармаси бошлиғи ёрдамчиси Елена Калинина М.Санникова бош чаноқ ва мияга берилган зарбадан ҳалок бўлганини аниқланганини билдирди.

“Марҳумнинг шахсий буюмлари, яъни қимматбаҳо шубаси, мобил телефони ва тилла тақинчоқлари ўғирлаб кетилган. М.Санникова Челябинск прокуратурасида кўп йиллардан бери ишлаб келган. Унинг ўлими кўпчиликни жунбушга келтирди. Прокуратура қотилни топиш учун энг яхши мутахассисларни жалб қилган”, – деди Е.Калинина.

Тезкор қидирув-тергов натижасида прокуратура ходимини ўлдирганликда гумон қилинган шахс Россияни бир неча кун кун олдин тарк этгани аниқланган.

“Бу қотилликни Ўзбекистоннинг 1980 йилда туғилган фуқароси содир этгани гумон қилиняпти. Ҳозир у Россия ташқарисида, яъни Ўзбекистон ҳудудида экани аниқланди. Айни пайтда унга халқаро қидирув эълон қилиш масаласи кўриляпти”, – деди Е.Калинина.

Унинг айтишича, М.Санникованинг ўлдирилиши буюртма қотиллик бўлиши мумкинлиги ҳақида тахмин йўқ.

“Гап шундаки, гумонланувчи шахс бу ерда яшайдиган қариндошларига бир аёлни тасодифан ўлдириб қўйгани ва буюмларини ўғирлаб кетганини айтган. Ҳатто ўғирлаган мобил телефонни амакисига совға қилган. Қотил кимлиги айнан шу телефон орқали аниқланди”, – деди Елена Калинина.

У Россия томони Ўзбекистондан қотиллик содир этганликда гумонланаётган шахсни тутиб, экстрадиция қилишни сўраганини билдирди ва Ўзбекистон фуқаросининг Челябинскда қотиллик қилиб, ўз юртига яшириниши ҳодисаси бу ерда илк бор рўй бераётганини таъкидлади.

“Россия фуқаролари оғир жиноятлар содир этиб, Ўзбекистон ҳудудида яширингани воқеалари бўлган. Улар Ўзбекистон фуқаролари бўлмагани учун экстрадиция қилиниб, судга тортилган. Ўзбекистон фуқароси жиноят содир этиб, ўз мамлакатида яширингани, менимча, биринчи марта бўляпти. Бизда кўп давлатлардан келган одамлар ишлайди. Уларга нисбатан яхши муносабатдамиз. Улар ҳам ўзларини яхши тутади. Албатта, бу қотиллик ҳаммани ҳайратга солди. Биз бу биринчи марта тасодифан содир бўлган ҳодиса, деб умид қиламиз”,– деди Елена Калинина.
XS
SM
MD
LG