Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:50

Жомолунгма кашшофи оламдан ўтди


Жомолунгма чўққисини илк бор забт этган Эдмунд Ҳиллари 11 январь куни 88 ëшида оламдан ўтди. 1953 йилнинг 23 майида Эдмунд Ҳиллари ва Норгей Тенсинг баландлиги 8848 метрли Жомолунгмага кўтарилганди.

Бу ғалабаси учун Э.Ҳилларига Британия қироличаси томонидан рицарлик унвони берилди.

Э.Ҳиллари 2003 йилда “Рейтер” мухбирига берган интервьюсида бу дунёда инсон боласи забт қила олмайдиган чўққи йўқлигини айтганди.

“Биз бир марта бу чўққига кўтарилиб, инсон юксак марраларга ета олишини исбот қилдик. Врачлар бизни бу чўққига кўтарилишнинг иложи йўқ, деб огоҳлантирганди. Кислород танқислиги боис, бу юксакликда ўлиб қолишингиз тайин, дейишди. Аммо биз қўрқувни енга олдик ва орқамиздан келаëтганларга йўл очдик”,- деганди Э.Ҳиллари.

Ўшандан бери уч минг киши Жомолунгма чўққисига чиқиб, Э.Ҳиллари жасоратини такрорлади. Жомолунгмага тирмашаман, деган 200 киши эса ҳаëтидан ажралди.

Жомолунгма чўққисига ўзбек альпинисти Рустам Ражапов ҳам чиқиб, мустақил Ўзбекистон байроғини тиккан эди.

Эдмунд Ҳиллари кейинги пайтда Жомолунгмага чиқиш тижоратга айланаëтганидан хавотир билдирганди.

“Жомолунгма чўққисига мендан 50 йил кейин чиққан альпинистлар ҳақидаги фильмни кўриб хурсанд бўлмадим. Лагерда 500 чодир ва унинг ичида минг киши бор эди. Улар ароқ ичиб, кўнгилхушлик қиларди. Ëшлар учун чўққини забт қилиш завқидан кўра, қулай шароитда кўнгил очиш муҳимдай кўринди менга”,- деганди Э.Ҳиллари.

Эдмунд Ҳиллари бу гапларни 2003 йилда Катманду шаҳрида Жомолунгма чўққиси забт қилинганининг 50 йиллиги тантаналарида айтганди.

“Биз чўққиларда юрагимизни қолдириб кетамиз”, деб куйлаган эди Э.Ҳиллари жасоратидан таъсирланган қўшиқчи Владимир Висоцкий.

Жомолунгма кашшофи Эдмунд Ҳиллари 1919 йилнинг 19 июлида Янги Зелландияда дунëга келди. Аввалига ҳарбий учувчи бўлган Э.Ҳиллари кейинчалик альпинист сифатида шуҳрат топди. 1980 йили Ҳиллари Янги Зелландиянинг Ҳиндистондаги фахрий элчиси этиб тайинланди.

2008 йилнинг 11 январида Янги Зелландия бош вазири Ҳелен Кларк Э.Ҳиллари оламдан ўтганини қайғу билан эълон қилди.

“Ҳиллари юксак чўққиларни забт қилган қаҳрамон ва камтар ҳамда сахий инсон эди”,- деди бош вазир.
XS
SM
MD
LG