Линклар

Жорж Буш “АҚШ дунё манфаати учун курашда ғалаба қилиши”га ишонади

  • Ҳасанжон

АҚШ президенти Жорж Буш жорий йилнинг биринчи ярмида Ироқдан Американинг 20 минг аскарини олиб чиқиш режа асосида бораётгани, лекин ҳарбийлар сони бундан ортиқ қисқартирилмаслигини маълум қилди.

Яқин Шарққа сафарини давом эттираётган Жорж Буш 12 январь куни АҚШнинг Қувайтдаги Орифжон базасида шундай баёнот берди.

Бу ерда АҚШнинг Ироқдаги қўшинлари қўмондони генерал Дэвид Петреус ва АҚШнинг Бағдоддаги элчиси Райн Крокер Жорж Бушга Ироқдаги сўнгги вазият ҳақида батафсил маълумот берди. Сўзлашувдан кейин Оқ уй раҳбари ўтган йил АҚШнинг қўшимча 30 минг аскари киритилгандан сўнг ироқликларда умидворлик пайдо бўлганини айтди.

“Ҳозир Ироқ бир йил олдингига қараганда бутунлай бошқача. Ҳали қилинадиган оғир ишлар кўп. Аммо мамлакатда зўравонликлар содир этилиши кескин камайди. Бағдодликлар, қолаверса, Ироқ шаҳар ва қишлоқлари аҳолиси яхши кунлар келишига умид қилмоқда”, – деди Жорж Буш.

АҚШ раҳбари 20 минг аскарни июль ойига қадар Ироқдан олиб чиқиш ишлари режага мувофиқ давом этаётганини билдирди. У Ироқдаги қўшинлар сонини қисқартириш мамлакатдаги вазиятга боғлиқ экани ва бу масалада генерал Петреус қарор қабул қилишини таъкидлади.

Жорж Буш Орифжон лагерида хизмат қилаётган 15 минг америкалик ҳарбийга миннатдорлик билдирди.

“Қилаётган хизматингиз учун сизларга миннатдорлик билдираман. Биз ўз мақсадимизга етишимизга асло шубҳа қилмайман. Тарих саҳифалари ёзилганда унинг сўнгги қисмида: “АҚШ дунё манфаати учун курашда ғалабага эришди”, деган сўзлар битилишига ишончим комил. Ҳозир оғир вазифани бажараётиб ортга бир назар ташлаб: “Америка аввалгига нисбатан анча хавфсиз. Америкаликлар авлодлари тинчликда яшайди”, дея оламиз”, – деди Жорж Буш.

АҚШ президенти 11 январь куни Эн-Би-Си телевидениесига берган интервьюсида мухбирнинг АҚШ ҳарбийлари Ироқда яна 10 йил қолиши мумкинми, деган саволига, бу эҳтимолдан холи эмас, дея жавоб берди.

Қувайт сафаридан сўнг АҚШ раҳбари 12 январь куни Баҳрайнга келди. Кейин Жорж Буш Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларига боришни режалаштирган. Унинг сафари 16 январь куни Миср ташрифи билан якунланади.

Жорж Бушнинг минтақага сафаридан мақсад икки ой олдин АҚШнинг Аннаполис шаҳрида Исроил-Фаластин ўртасида қайта бошланган тинчлик музокараларига туртки беришдан иборат. Аннаполис халқаро анжуманида Исроил ва Фаластин раҳбарлари 2009 йил январида Ж.Бушнинг президентлик муддати тугагунча тинчлик шартномаси устида ишлашни ваъда қилган.

Бушнинг сафари Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги вазият таранглашган пайтга тўғри келди.

6 январь куни Форс кўрфазида АҚШ флоти кемалари ва Эроннинг тезсузар ҳарбий кемалари ўртасида зиддиятли ҳолат юз берди. Америкалик ҳарбийлар иддаосича, эронликлар радиоалоқа орқали Америка кемаларини портлатишга таҳдид қилган. Бироқ Теҳрон расмийлари бу айбловни рад қилиб, АҚШни бу воқеадан кўрфазда Эронга қарши кайфият уйғотишга уринаётганликда айблади.

АҚШ флоти адмирали Майк Маллен жума куни қилган чиқишида: “Бу воқеа бизга Эроннинг таҳдиди қанчалар реал эканини ва у амалга ошса, биз унга қарши туришга қанчалар тайёр эканимизни яна бир карра эслатди. Мен буни аввал ҳам айтганман, ҳозир ҳам айтаяпман. Уруш олиб боргандан кўра, унинг олдини олишимиз мақсадга мувофиқ. Биз ҳаммамиз Эроннинг минтақада ижобий рол ўйнашини хоҳлаймиз”, – деди.
XS
SM
MD
LG