Линклар

logo-print

Жанубий Вазиристонда яна ўзбек жангарилари ўлдирилди

  • Фаррух Юсуфий

http://img.nr2.ru/pict/arts1/11/42/114276.jpg Ўтган шанба куни Покистоннинг Жанубий Вазиристон вилоятида тўрт ўзбек жангариси ўлдирилди, бири қўлга олинди. Бу ҳақда маҳаллий маъмуриятга таяниб, Покистон расмийлари хабар қилди.

Ўзбек жангарилари Покистоннинг қабилалар назоратидаги Жанубий Вазиристон вилоятида рўй берган тўқнашувда ўлдирилган. Маълум бўлишича, “Ал-Қоида” тармоғи билан яқин алоқада бўлган Ўзбекистон исломий ҳаракати жангарилари Жанубий Вазиристоннинг Шакай қишлоғида ҳукуматпараст маҳаллий қаамлар оқсоқолларига ҳужум уюштирганида кескин қаршиликка дуч келган. Ҳужумни уюштирган жангариларни таъқиб қила бошлаган қабила лашкарлари тўрт ўзбек жангарисини ўлдирган ва баъзи хабарларга кўра, бир ўзбек жангариси қўлга тушган бўлиши мумкин.

Покистон армияси матбуот вакили Басир Ҳайдарнинг “Озодлик”ка айтишича, ўлдирилган ўзбек жангариларининг шахси аниқланмаган. Бу тўқнашувга ҳукумат кучлари аралашмаган ва ҳозирча маҳаллий қавмлар жасадларни ҳукуматга топширмаган.

Жанубий Вазиристон вилояти расмийларининг билдиришича, шанба куни исломий жангарилар Шакай қишлоғида Вазир қабиласи оқсоқолларидан бири Хон Ханноннинг уйига хужум уюштирган. Ўртада рўй берган жангда Вазир қабиласининг бир вакили ўлдирилган. Воқеа жойида ҳалок бўлган икки ўзбек жангариси ташлаб кетилган. Қолган жангарилар тоғли минтақаларга, Покистон-Афғонистон чегараси томон қочиб кетган. Уларни чегарагача таъқиб қилиб борган қабила лашкарлари яна икки ўзбек жангарисини ўлдирган.

“Франс-пресс” ахборот агентлиги ҳам ўзбек жангариларининг бири ҳибсга олинганини хабар қилди. Аммо Покистон армияси вакили Басир Ҳайдар “Озодлик” билан суҳбатда бу хабарни тадиқлай олмаслигини айтди.

Хабарларга кўра, Вазир қабиласи лашкарлари ўлдирилган ўзбек жангарилари жасадларини Шакай қишлоғи аҳлига кўрсатиш учун маҳаллий бозорга олиб борган.

ЎИҲ вакиллари ва бошқа хорижий жангарилар кейинги пайтларда Жанубий Вазиристондаги ҳукуматни ёқлаган маҳаллий қабилаларга тез-тез ҳужум уюштирмоқда. Бу ҳужумларда шу пайтгача ҳукуматпараст қавмларнинг тўққиз оқсоқоли ўлдирилган.

“Ал-Қоида”нинг минтақадаги бу ҳужумлар ортида тургани айтилаётган эмиссари Байтуллоҳ Мақсуд эса ўзбек жангариларини қўллаб-қувватлаши гумон қилинади. Покистон расмийлари Байтуллоҳ Мақсудни ўтган ойда мухолифат етакчиси Беназир Бҳуттонинг ўлдирилишини уюштирганликда ҳам айблаган.

Ўтган йилнинг март ойида Покистон ҳукумати қўшинлари хорижий жангарилар, асосан, ЎИҲ вакилларини қабилалар назоратидаги минтақалардан сиқиб чиқариш мақсадида кенг қамровли ҳарбий амалиётлар ўтказган ва ўнлаб ўзбек жангариларини ўлдирган эди. Ўшанда ЎИҲ етакчиси Тоҳир Йўлдош ҳалок бўлгани ҳақида ҳам хабарлар пайдо бўлган, лекин кейинчалик ўз тасдиғини топмаганди.

Покистон расмийлари Тоҳир Йўлдошнинг айнан қаерда эканига оид маълумотлар йўқлигини айтмоқда.

Тоҳир Йўлдош охирги марта ўзи ҳақда ўтган йилнинг 18 декабрида билдирган эди. Унинг Қурбон ҳайити муносабати билан қилган мурожаати “Озодлик” радиосига ҳам келиб тушганди.
XS
SM
MD
LG