Линклар

Ўлиги ҳам хор бўлган ўзбек

  • Абдулла Искандар

Украинанинг Киев шаҳрида БМТ қочқинлар идорасида рўйхатга олинган ўзбекистонлик қочқин Пўлат Асроров 1 январь куни оламдан ўтган ва жасади кўмилмасдан Киевдаги ўликхонага сақланмоқда.

Бу ҳақда маълум қилган Украинадаги ўзбек муҳожири Бахтиëр Ҳасаннинг айтишича, Асроров Пўлат Сотволдиевич 1955 йил 7 августда туғилган. Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманидан Украинага қочиб келган.

Б.Ҳасаннинг билдиришича, марҳум Пўлат Асроров Ўзбекистон элчихонасига ҳам мурожаат қилиб, умрининг сўнгги кунларини яшаëтгани боис ëрдам сўраган. Бироқ элчихона унга ёрдам беришдан бош тортган.

Украинада истиқомат қилаëтган қочқин Исоқжон Зокиров ўзбек муҳожири билан боғлиқ бу ҳолатни мудҳиш воқеа, деб атади.

“Ўзбекларнинг тентираб, ëт элларда ўлим топиб, жасадлари кўмилмасдан қолаëтганига Каримовнинг зулмкор режими айбдор”,- деди И.Зокиров.

Бахтиëр Ҳасаннинг таъкидлашича, марҳумни кўмиш учун БМТ қочқинлар идорасининг Киев бўлимига мурожаат қилинган, аммо уларнинг бу мурожаати инобат бўлмаган.

“Озодлик” мухбири БМТ қочқинлар идорасининг Киевдаги ваколатхонаси вакили Сергей Лаврухин билан боғланганида у ўзбекистонлик қочқин Пўлат Асроровни кўмиш учун етарли маблағ ажратилганини маълум қилди.

Норасмий маълумотларга кўра, Украинада юз минглаб ўзбек мардикорлари ва қочқинлари бор.

Ўзбекистон элчихонасининг президент сайлови куни эълон қилинган рўйхатига кўра, Украинада Ўзбекистоннинг 95 фуқароси консуллик рўйхатига кирган.

Аммо бу рўйхатда марҳум Пўлат Асроровнинг исми йўқ эди.
XS
SM
MD
LG