Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:24

Президент собиқ сафдоши тақдирига бефарқ қолмоқда


Тожикистон ҳукуматига қарши хатти-ҳаракатларда айбланиб, 15 йилга озодликдан маҳрум этилган собиқ ички ишлар вазири Ёқуб Салимовнинг яқинлари унинг соғлиғидан хавотир билдирмоқда.

Ёқуб Салимов устидан ҳукм ўқилганига 2,5 йилдан ортиқроқ вақт ўтганига қарамай, у қамоқхонага ўтказилмаяпти ва ҳамон вақтинчалик сақлаш изоляторида ушлаб турилибди.

Унинг онаси Ашурби Салимова Тожикистон президентига очиқ хат йўллаб, Имомали Раҳмондан мамлакат қонунлари доирасида ўғлининг ҳуқуқларини ҳимоялашни сўраган эди.

Бироқ собиқ вазирнинг яқинлари Душанбеда ўтказилган матбуот анжуманида мамлакат президенти бу мурожаатни эътиборсиз қолдирганини билдирди.

Ё.Салимовнинг укаси Аминжон Салимовнинг айтишича, вақтинчалик сақлаш изоляторида акасига ҳеч қандай тиббий ёрдам кўрсатилмаётгани сабабли унинг соғлиғи кескин ёмонлашган.

“Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари биз ҳар уч ойда акамиз аҳволидан хабардор бўлиш ҳуқуқига эгалигимизни айтган эди. Бироқ беш ойлаб унинг ёнига кириш мумкин бўлмай қоляпти. Ички низолар чоғида ва президентга уюштирилган суиқасдда Ёқуб оғир тан жароҳати олганди. Бироқ бугун унинг саломатлиги ҳукумат раҳбарларини ташвишга солмаётгани аламлидир. Ҳукуматдан бизнинг ягона талабимиз Тожикистон қонунларига амал қилинган ҳолда Ёқубни қамоқхонага кўчириш, холос”,- деди Аминжон Салимов.

Бироқ Тожикистон бош прокурори Бобожон Бобохонов Ёқуб Салимовнинг қамоқхонага кўчирилиши салбий оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлигига ишора қилди.

“Жиноятчи қаерда сақланишидан қатъи назар, у барибир жиноятчидир ва қилмиши учун жавоб бериши керак. Айрим маҳбусларнинг қамоқхонага кўчирилиши у ерда маҳкумлар исёнига сабаб бўлиши мумкин. Шу нуқтаи назардан ҳам маҳбуслар иши бўйича идоралар уни (Ёқуб Салимовни) жамиятдан узоқда тутиб туришни афзал билади”,- деди Бобожон Бобохонов.

Унинг бу гапидан Ёқуб Салимов бутун жазо муддати давомида изоляторда сақланади, деган маънони англаш қийин эмас эди.


Мустақил кузатувчилар эса Тожикистон ҳукумати мулозимлари ва тегишли идоралари масъуллари Ёқуб Салимовнинг қамоқхонага ўтказилишидан чўчишини таъкидламоқда.

Ҳуқуқшунос Раҳматулло Зоиров сўзларига кўра, бир вақтлар Тожикистон ҳукуматидаги энг нуфузли кишилардан ҳисобланган ва бугун унинг ашаддий душманига айланган Ё.Салимов давлат сири билан боғлиқ маълумотларни бошқа маҳбуслар билан ўртоқлашишидан ҳукумат мулозимлари манфаатдор эмас.
XS
SM
MD
LG