Линклар

Сабоқ чиқармаслик оқибати хунук бўлди


11 январь куни Марказий Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятидаги кўмир конида юз берган портлашдан сўнг кон ичига қолиб кетган ва бедарак йўқолгани айтилган 23 кончининг ҳалок бўлгани эълон қилинди.

“23 кончи қолиб кетган жойда ҳарорат ва ис гази концентрацияси юқори экани уларнинг бундай вазиятда тирик қолиш эҳтимолини бутунлай йўққа чиқаради”,- деди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати вакили.

Унинг айтишича, “Абай” кўмир конидаги ушбу портлашда қурбон бўлганлар сони жами 30 кишини ташкил этган, 14 кончи шифохонага ётқизилган. Портлаш содир бўлган чоғда конда жами 191 киши бўлган.

Сиёсатчи Дўс Қўшим 2006 йилда ҳам Марказий Қозоғистондаги бир конда шундай портлаш содир бўлганини ёдга олиб, бу каби ҳолатларга жиддий ёндашмаслик келажакда ҳам шундай нохуш воқеаларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.

“2006 йилда юз берган портлашдан сўнг кончилар норозилик намойиши ўтказган эди. Мени ҳайрон қолдиргани шуки, улар конларда хавфсизлик таъминланишини эмас, ўз маошлари оширилишини талаб қилганди. Ҳукумат уларнинг талабини қондирган, портлаш вақтида ҳалок бўлганларнинг яқинларига товон тўлаш билан чекланганди. 11 январь куни “Абай” конида юз берган портлаш 2006 йилги воқеа такрорланмаслиги учун ҳеч иш қилинмаганини кўрсатиб турибди”,- деди Дўс Қўшим.

2004 йилда Қарағанда вилоятидаги Шахтинск шаҳрида жойлашган кўмир конидаги портлашда 23 кончи, 2006 йили Қарағанда вилоятидаги “Ленин” кўмир конида содир бўлган портлаш оқибатида 41 кончи ҳалок бўлган эди. Юқоридаги корхоналар, хусусан, 11 январь куни портлаш рўй берган “Абай” кони ҳам ҳиндистонлик миллиардер Лакшми Митталга тегишлидир. Унинг “Арселор-Миттал” компанияси Қозоғистонда 15 та кўмир ва темир конига эга.

“Абай” конида метан портлашига айнан нима сабаб бўлгани ҳозирча номаълум. Қутқарувчилар ўз ишини якунлагандан сўнг терговчилар айбдорларни излашга киришади.
XS
SM
MD
LG