Линклар

15 январь куни “Ўзметроном” сайти 16 январда Ислом Каримов Ўзбекистоннинг янги муддатга сайланган президенти сифатида қасамёдга келтирилиши ҳақида хабар тарқатди.

Хабарда мазмунига қараганда, инаугурация маросими шунчаки, енг ичида ўтказиб қўйилади. Чет давлатлар маросимда ўзларининг Тошкентда аккредитациядан ўтган дипломатик миссиялари раҳбарлари тимсолида иштирок этиши мумкин.

Бу хабарни И.Каримовнинг номзодини президентликка кўрсатган Ўзбекистон Либерал демократик партияси вакили ҳам тасдиқлади.

Дипломатик протокол бўйича кўпчилик давлатлар раҳбарлари лавозимга сайланганидан кейин инаугурация маросимини ўтказади.

Тошкентлик дипломат Тошпўлат Йўлдошевнинг таъкидлашича, инаугурация баъзи давлатларда катта дабдаба билан, баъзиларида камтарона ўтказилади. Бундай маросимлар жаҳоннинг кўплаб давлатларида бор.

Ўзбекистон президенти инаугурацияси бошқаларга тақлид аломати эмас, балки қонун талабидир. Чунки Ўзбекистон конституциясининг
92-моддаси ҳамда Ўзбекистон президенти сайлови тўғрисидаги қонуннинг 39-моддасига биноан президент Олий Мажлис йиғилишида қасамёд қабул қилган пайтдан бошлаб ўз лавозимига киришган ҳисобланади.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг 28 декабрь кунги хулосасига кўра, Ислом Каримов сайловчилардан 88,1 фоизининг овозини олган.

Лекин бу натижани сайловда иштирок этишига рухсат берилмаган партиялар ҳамда бир қатор инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари тан олмаяпти.

“Бирлик халқ ҳаракати” партияси фаоли, тазйиқлардан қочиб, мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган Акбаржон Орипов сўзларига кўра, нафақат бирликчилар, балки барча мухолифатчилар, қолаверса, Ўзбекистон халқининг катта қисми 23 декабрда ўтказилган тадбирни сайлов, деб ҳисоблагани йўқ. Чунки ўша куни халқ танлаш имкониятидан маҳрум қилинди ва И.Каримов ўзини ўзи сайлаб олди. Конституция оёқ ости қилинди.

Тошкентлик дипломат Тошпўлат Йўлдошевнинг билдиришича, инаугурация маросимининг ўз тартиби бор. Маросим парламент биносида бўлиб ўтади. Президент парламент аъзолари олдида қасамёд қабул қилади. Қасамёднинг қонун билан белгилаб қўйилган аниқ матни бор.

Мана ўша қасамёд матни:

“Ўзбекистон халқига садоқат билан хизмат қилишга, республиканинг конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига кафолат беришга, Ўзбекистон Республикаси президенти зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажаришга тантанали қасамёд қиламан”.

Президент бу сўзларни қўлини конституцияга қўйган ҳолда айтади.

“Бу очиқдан-очиқ лўттибозликдан бошқа нарса эмас. Бу халқни, дунё жамоатчилигини масхаралашдир”,- дейди бу ҳолатга баҳо берган бирликчи Акбаржон Орипов.
XS
SM
MD
LG