Линклар

Ўзбекистон иқтисодиёти эркинми?

  • Ҳасанжон

Американинг “Ҳеритаж” жамғармаси дунё давлатларида иқтисодий эркинлик бўйича йиллик ҳисобот чиқарди. Жорий йилги ҳисоботда Ўзбекистон 162 давлат ичида 130-ўринни эгаллаган.

Ҳисобот савдо-сотиқ эркинлиги, бизнес юритиш имкониятлари, инвестиция эркинлиги, мулкка эгалик ҳуқуқлари каби мезонларга асосланган ҳолда тузилган. Ҳар бир давлатнинг рўйхатдаги ўрни ўша давлатдаги иқтисодий имкониятларга қараб нолдан 100гача бўлган баҳо асосида белгиланган.

Ҳисоботнинг Ўзбекистонга оид қисмида мамлакатда бизнес юритиш эркинлиги 67,8 фоиз экани қайд этилган. Айни пайтда ҳужжатда Ўзбекистонда бизнес бошлаш учун тахминан 13 кун вақт кетиши, ҳукумат бунинг учун яхши ҳимоя чоралари ишлаб чиққани айтилган. Бизнес бошлаш учун дунё бўйича ўртача кўрсаткич 43 кунни ташкил этади.

Ўзбекистонда бизнес лицензияси олиш муддати дунё бўйича ўртача кўрсаткичдан кўп вақт олиши, яъни тадбиркорлар лицензияга эга бўлиши учун 19 та талабни бажариши, натижа 234 кун ичида маълум бўлиши билдирилган. Ўзбекистонда бизнес фаолиятини тўхтатиш учун ундан ҳам кўп вақт кетиши қайд этилган.

Буюк Британиядаги Лидс университети ходими, Марказий Осиё бўйича мутахассис Майкл Денисон “Озодлик” мухбири билан суҳбатда ҳисоботда Ўзбекистон қуйи ўрин эгаллаганини изоҳлаб: “Менимча, иқтисодий эркинлик рўйхатида Ўзбекистоннинг қуйи ўринни эгаллагани мамлакат иқтисодиёти, шунингдек, айрим соҳалар либераллаштирилиши кераклигини кўрсатади. Иқтисодиёт соҳаларининг либераллаштирилмаётганини расмийлар орасида коррупция тарқалгани билан изоҳлаш мумкин”, – деди.

Ўзбекистонда иқтисодий эркинликни яхшилаш учун нима қилмоқ керак?

Қирғизистонлик мустақил кузатувчи Ғанижон Холматов фикрича, Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантириш ва иқтисодий эркинликни яхшилаш учун Тошкент ҳукумати майда ва ўрта бизнесга кенг имконият очиб бериши керак.

“Ўзбекистонда талантли тадбиркорлар бор. ЛекинЎзбекистонда иқтисодий ривожланиш учун ички эркинлик жуда ҳам зарур бўлади. Афсуски, бу муаммо бизда ҳам бор. Лекин Ўзбекистонда кўпроқ коррупцияга асосланган ички тизим, ички бошқарув тизими ана шу иқтисодий эркинликнинг кенг ривожланишига йўл қўймайди. Ўзбекистон президенти янги муддатга сайланди. Ана шу янги даврда ички имкониятларни кенг қўйиб юбориш, тадбиркорлар учун кенг имкониятлар яратиб бериш керак. Иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилиши лозим. Сиёсат бир чеккага суриб қўйилиши керак”, – дейди қирғизистонлик мустақил кузатувчи.

“Ҳеритаж” жамғармаси ҳисоботида Ўзбекистон иқтисодиёти 52,3 фоиз эркин экани қайд этилган. Бу ўтган йилги кўрсаткичга қараганда 0,3 фоиз юқори.

Бироқ Лондондаги Иқтисодиёт институтининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Анна Матвеева ҳисоботда озгина яхшиланиш қайд этилганига қарамай, Ўзбекистон иқтисодиётида ҳали жиддий муаммолар талайгина эканини, вазиятни ўнглаш учун иқтисодиётда ислоҳотлар ўтказиш зарурлигини таъкидлади.

“Биринчи ва энг аввало, давлат ва аксарият аҳолининг даромад манбаи ҳисобланган пахтачилик соҳасида ислоҳотлар ўтказилиши керак. Иккинчидан, банк соҳасида, яъни тадбиркорларнинг экспорт-импорт ишларини енгиллаштириш, уларга жорий қилинган солиқларни камайтириш, давлат аралашувини камайтириш ҳам устивор соҳалардан бири. Учинчи муҳим масала, Ўзбекистон қўшни давлатлар билан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириши иқтисодий ўсиш ва иқтисодий эркинликнинг яхшиланишига ҳисса қўшадиган омиллар сирасига киради”, – деди А.Матвеева.
XS
SM
MD
LG