Линклар

logo-print

Тоза табиат

  • Ҳасанжон

Европа комиссияси раиси Хосе Мануэл Баррозу иқлим ўзгаришига сабаб бўлаётган зарарли газлар миқдорини қисқартириш режаси бўйича муроса қилинмаслигини айтди.

Европа комиссияси атмосферага чиқарилаётган зарарли газлар миқдорини 2020 йилга қадар 1990 йилдагига нисбатан 20 фоизга камайтириш ҳақидаги ҳужжатни келаси ҳафта қабул қилиши ва оммага эълон қилиши кутилмоқда.

Европа Иттифоқига аъзо айрим давлатлар иқлим ўзгаришининг олдини олиш хусусида Еврокомиссия кўраётган чоралар қатъий эканидан шикоят қилмоқда.







*** *** ***

АҚШнинг Детройт шаҳрида автомобиль кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.

Автомобиль ишлаб чиқарувчи йирик ширкатлар атроф-муҳитга кам зарар етказадиган янги моделларни намойиш қилаётир. “General Motors” ширкати 2010 йилга қадар “Saturn Vue” номли электр билан юрадиган янги спорт автомобили ишлаб чиқариш йўлга қўйилишини маълум қилди. Ширкат айни муддат ичида 100 фоиз электр билан юрадиган “Chevy Volt” номли электромобиль ишлаб чиқаришни режалаштирган. Бу машинанинг 2003 йилда ўтказилган дастлабки синови муваффақиятсизликка учраган эди. Детройт автосалонида “Шевролет”, “Форд” ва Япониянинг “Тойота” ширкатлари ҳам атроф-муҳитга кам зарар етказувчи замонавий автомобилларини намойиш қилмоқда.







*** *** ***

Россия фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сибирь минтақасида ҳаво ҳарорати меъёрдан ортиқ совиши оқибатида фавқулодда ҳолатлар юз бериши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Вазирлик ўзининг Сибирдаги бўлимларига эҳтимолий фавқулодда ҳолатларга юқори тайёргарликда бўлиш ҳақида кўрсатма берди.

Вазирлик эълон қилган баёнотда 17 –21 январь кунлари Красноярск вилоятида ҳарорат –43-48, Эвенкеда -55-48, бошқа вилоятларда ҳам ҳаво -40 даража атрофида бўлиши кутилаётгани ҳақида огоҳлантирилган. Ахборот агентликлари хабарига кўра, совуқ туфайли Сибирнинг камида тўрт вилоятида мактаблар ёпилган.







*** *** ***

Яқин Шарқ минтақасида шу кунларда ҳаво ҳарорати мисли кўрилмаган даражада пасайиб, Целсий ўлчови бўйича ноль даражага яқинлашди.

Жала ёққани сабабли Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти Дубайда 16 ва 17 январь кунлари мактаблар ёпилди. Кучли ёмғир Амирликнинг қатор шаҳарларида транспорт қатновини издан чиқарди. “Галф Ньюс” ахборот агентлиги хабарига кўра, Дубайнинг марказий кўчаларида сув тошқини юз бергани учун машиналар кўчада соатлаб тўхтаб қолди. Дубай полицияси 16 январь куни 584 та авария рўй бергани, оқибатда икки киши халок бўлганини хабар қилди. 15 январь куни бир минг 307 та авария рўй берди. Беш одам нобуд бўлди. Қўшни Саудия Арабистони ва Қувайтда ҳам ёмғир ёғди.







*** *** ***

Шу кунларда Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистонда ҳам совуқ об-ҳаво сақланиб турибди.

Ўтган ҳафта Ўзбекистон жанубида, хусусан, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳаво ҳарорати –20 даражагача пасайди. Гидрометереология маркази ходими Фотима Ҳошимова “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бундай совуқ об-ҳаво Ўзбекистон учун одатий ҳол эмаслигини айтди.

“Ҳарорат жуда пасайиб кетган йиллар бўлган. Бу 100 йилча олдин, яъни 1900 йилда кузатилган. Аммо сўнгги йилларда совуқ об-ҳаво бунчалар узоқ сақланиб турмаган эди. Бу бизнинг минтақа учун одатий ҳол эмас”, – деди Гидрометереология вакили.

Қишнинг совуқ келиши, қалин қор ёғиши аҳоли турмушига салбий таъсир этиши баробарида қишлоқ хўжалиги учун фойдали. Қадимда қор кўп ёғса, минтақада яшовчи одамлар ёзда сув тақчил бўлмаслигини башорат қилган.

Ўзбекистон Фанлар академиясининг Зоология институти профессори Искандар Мирабдуллаев қиш совуқ келишининг атроф-муҳитга салбий ва ижобий таъсири борлигини айтади.

“Қиш совуқ келишининг ижобий томонларидан бири қишлоқ хўжалигига зиён етказувчи турли зараркунанда ҳашаротларнинг аксари қаттиқ совуқда музлаб нобуд бўлади. Ўсимликларни ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан келаси йил яхши бўлиши кутилади”, – дейди ўзбекистонлик олим.

Унга сўзларига кўра, қаҳратон қиш айрим ҳайвон ва қуш турларининг нобуд бўлишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

“Бир неча йил олдин тоғларда қаттиқ совуқ бўлгани ва қалин қор ёққани какликлар сони камайишига сабаб бўлган эди. Бу йил ҳам шундай бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Шунингдек, оққуйруқ кийиги қишлаш учун Қозоғистондан Ўзбекистоннинг Устюртига келади. Қаттиқ совуқ ва кучли шамол оқибатида уларга ҳам катта зиён етиши мумкин”, – дейди И.Мирабдуллаев.

Унинг таъкидлашича, совуқ об-ҳаво балиқларга ҳам салбий таъсир этиши мумкин. Агар дарё ва кўл суви музласа, балиқлар кислород етишмаслигидан нобуд бўлади.

“Қаттиқ совуқ бўлган пайтда кўлларда, айниқса, чуқурлиги бир, бир ярим метрни ташкил этган Қорақалпоғистон ҳудудидаги айрим кўлларда қалин муз қатлами ҳосил бўлади. Бундай шароитда сув ва атмосфера ўртасида газ алмашинуви тўхтаб қолади. Ўз навбатида бу сувда кислород тақчиллигини пайдо қилади. Оқибатда балиқлар қирилиб кетади. 2000 йиллар бошида ҳам қаттиқ қиш бўлганини эслайман. Ўшанда Қорақалпоғистондаги балиқ хўжалигига катта зиён етганди”, – дейди И.Мирабдуллаев.

Олимлар иқлим ўзгаришининг олди олинмаса, ҳаво ҳароратининг меъёрдан ортиқ исиши ёки совуши, бўронлар, ёғингарчилик, сув тошқинлари ва бошқа табиий офатлар тез-тез содир бўлишини башорат қилмоқда.

Мутахассислар иқлим ўзгариши оқибатида минглаб ўсимлик ва ҳайвон турлари бутунлай йўқ бўлиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
XS
SM
MD
LG