Линклар

Ўзбекистон яна репрессив давлатлар қаторида

  • Сарвар Усмон

Бош қароргоҳи АҚШда жойлашган “Freedom House” инсон ҳуқуқлари ташкилотининг йиллик ҳисоботида Ўзбекистон яна “ёмонларнинг ёмони” ва “репрессив давлат”лар қаторига киритилган.

Ташкилотнинг 16 январь куни эълон қилинган ва “Жаҳон эркинлиги – 2008” номли ҳисоботида дунёнинг 193 мамлакатидаги вазиятга баҳо берилган.

Сўнгги икки йил қаторасига жаҳон бўйлаб инсон ҳуқуқлари кўпроқ топталаётгани кузатилди, дейилади ҳисоботда. Бу ҳолат ҳатто аввалроқ бу соҳада бироз илгарилаган баъзи давлатларда ҳам кузатилди.

Ташкилот ўрганилган давлатларни “эркин”, “қисман эркин” ҳамда “эркин эмас” каби уч тоифага бўлган.

Ҳисоботда айтилишича, 2006 йилда “эркин эмас”, деб баҳоланган давлатлардан биронтаси ҳам 2007 йилда олға силжигани сезилмаган.

“Freedom House”нинг сўз юритилаётган тадқиқоти директори Крис Уолкер “Озодлик”ка берган интервьюсида постсовет мамлакатларнинг кўпчилигида инсон ҳуқуқлари аҳволи ёмонлашганини айтади.

“Собиқ Совет Иттифоқи ҳудудида эркинлик танқислиги жиддий, деб айтиш адолатдан бўлур эди. Болтиқбўйи мамлакатларидан ташқари қолган 12 постсовет давлатнинг 7 таси “эркин эмас”лар рўйхатидан жой олди. 4 таси “қисман эркин” ва биргина Украина “эркин”дир”,- дейди Крис Уолкер.

Унинг айтишича, “эркин эмас”лар рўйхатига киритилганлар орасида Беларус, Туркманистон ва Ўзбекистон энг репрессив давлат, инглизчадан сўзма-сўз таржима қилинса, “ёмонларнинг ёмони”, деб ҳам баҳоланган.

Украинанинг эркин давлатлар қаторига қўшилгани мақсадларини аниқ ифода қилиш ва рақобатлашиш имконига эга сиёсий фракциялар борлиги ҳамда халқ рисоладагидай ўтказилган сайлов натижаларини тан олиши билан изоҳланади.

Айни пайтда “Freedom House” Грузияни қисман эркин давлатлар рўйхатига киритган. Бунга Михаил Саакашвилининг мухолифат овозини ўчиришга урингани сабаб бўлди. Лекин, дейди Крис Уолкер, умуман олганда Грузия ҳам эркин давлатдир. Чунки мухолифат учун фикр билдириш имкони мавжуд.

Россия ҳам “эркин эмас”лар рўйхатида.

“2007 йил Россияда авторитаризмнинг кучайиши учун асосий йил бўлди. Бу декабрдаги парламент сайловининг тўла манипуляция қилингани, йил охирига келиб ҳокимиятнинг алмашиш жараёни ҳам тўла жиловга олингани ва натижада оддий россияликлар янги президентни очиқ ва адолатли сайлаш учун танлаш имконидан маҳрум қилинганида кўрилди”,- дейди Крис Уолкер.

Худди шунга ўхшаш фикрни “эркин эмас”лар рўйхатига киритилган Озарбойжон ва Қозоғистонга нисбатан ҳам айтиш мумкин.

“Freedom House”нинг “эркин эмас”лар рўйхатида Эрон ҳам бор. Ҳисоботда бу давлатга диктатура, деб сифат берилади ва бу баҳо оддий эронликларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари поймол этилаётгани ҳамда ҳукуматнинг исломчи жангариларни қувватлаш орқали қўшни мамлакатларга таъсир ўтказаётгани билан изоҳланади.

Ироқ ҳам “эркин эмас”лар қаторида. Чунки бу мамлакатдаги мазҳаблараро тўқнашувлар оддий аҳолига тинчлик бермаяпти, дейилади ҳисоботда.

Крис Уолкернинг айтишича, “Freedom House” ҳисоботи унда тилга олинган мамлакатлар ҳукумат амалдорларидан тортиб маҳаллий матбуот ходимларигача мўлжалланганки, токи у ҳуқуқ ва эркинликлар билан боғлиқ вазиятни яхшилаш мақсадидаги баҳс-мунозараларга туртки берсин.

Лекин ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари фикрича, ҳукумат ҳар доимгидай халқаро ташкилотлар танқидини эътиборсиз қолдиради.

“Freedom House” ҳисоботида келтирилган яна бир неча маълумот.

2007 йилда ўрганилган 193 давлатдан 90 таси “эркин”, деб тан олинган. Бир йил аввалги кўсаткич ҳам шундай эди. Демак, ер юзи аҳолисининг қарийб 40 фоизи эркин яшамоқда.

Дунё аҳолисининг 18 фоизи яшайдиган 60 давлат “қисман эркин”лар рўйхатини ташкил этган.

“Эркин эмас”лар рўйхатидан жой олган 43 та давлатда эса ер юзидаги аҳолининг 36 фоизи яшайди.
XS
SM
MD
LG