Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:57

Талабалар оддий фуқаро сиёсатчилар қурбони бўлаётганидан ташвишда


Ҳафта бошида Тожикистоннинг “Ховар” миллий ахборот агентлиги Душанбе олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларнинг Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари раҳбарлари ҳамда жамоатчиликка мурожаатини эълон қилди.

Унда ўзбек-тожик муносабатлари атрофидаги гап-сўзлар талабаларнинг ўзга юртга қатнаб билим олишида айрим муаммолар туғдираётгани таъкидланган.

“Икки давлат ўртасида мавжуд айрим тушунмовчиликлар Тожикистонда таҳсил олаётган биз ўзбекистонликларни ёки Ўзбекистондаги тожикларни ноқулай аҳволга солиб қўяётгани жуда ташвишлидир. Айрим сайтларда Тожикистондаги вазият барқарорлашганига шубҳа туғдирувчи сатрлар ҳамон кўзга ташланади. Агар дарҳақиқат шундай бўлса, биз 2000дан ортиқ йигит-қизни ота-оналаримиз Тожикистонда ўқишимизга розилик бермаган бўлар эди. Бир-бирига яқин икки халқни виза тартиби ва миналар билан ажратишнинг нима кераги бор? Кимга керак икки халқнинг бир-бирига адовати? Оддий фуқаро сиёсатчилар қурбони бўлмаслиги керак. Агар биз бугун ўз муаммоларимизни ўзимиз ҳал этмас эканмиз, у ҳолда тақдиримиз минтақада ўз таъсирини кучайтириш ниятида бўлган учинчи давлат қўлида қолиши эҳтимолдан йироқ эмас”,- дейилади мурожаатда.

Талабаларнинг бу мурожаатида тилга олинган муаммолар ўзбекистонлик ва тожикистонлик бошқа фуқароларни ҳам бефарқ қолдираётгани йўқ. Уларнинг аксарияти икки давлат ўртасидаги виза тартиби энг оғриқли масала бўлиб қолаётганини айтмоқда.

Тожикистонлик Муқаддамхон ая ҳатто элчихоналарга бориб виза олишда ҳам айрим муаммо ва тўсиқлар борлигини билдирди.

Ўзбекистонлик бир суҳбатдош эса дунё ўзбекларининг маънавият ва маърифат ўчоғи бўлган Ўзбекистон бошқа мамлакатлардаги ўзбеклар учун ёпиқ қўрғон бўлиб қолаётгани афсусланарли эканини айтди.

Мавзу юзасидан суҳбатлашган ўзбеклар ва тожиклар икки давлат раҳбарларидан ўртадаги тўсиқ олиб ташланишини талаб қилишини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG