Линклар

logo-print

Роҳат Алиевга 20 йил берилди


Олмаотада Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг собиқ тўнғич куёви Роҳат Алиев ва у етакчиси бўлгани айтилаётган уюшган жиноий гуруҳ аъзолари устидан суд жараёни якунланди.

Судга тортилган 24 кишининг 67 томдан иборат иши суд томонидан икки ой давомида кўриб чиқилиб, 15 январь куни айбланувчилар устидан ҳукм ўқилди. Суд раиси ҳукмни 6 соатдан ошиқ вақт давомида ўқиб эшиттирди.

Суд ҳукмига кўра, Р.Алиев бутун мол-мулкини мусодара қилиш ва жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташ шарти билан 20 йилга озодликдан маҳрум этилди.

“Жазо муддати у қамоққа олингандан бошланади. Шунингдек, Р.Алиев молия полицияси ва миллий хавфсизлик генерал майори унвонлари, давлат мукофотлари, фавқулодда ва мухтор элчи дипломатик рангидан маҳрум этилади. У озодликка чиққандан сўнг давлат идораларида ва 3 йилгача банкда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинади”,- деди ҳукмни ўқиб эшиттирган суд раиси.

Шунингдек, суд Р.Алиевнинг жиноий шерикларига 1 йилдан 18 йилгача муддатга қамоқ жазоси белгилади. У билан шерикликда айбланган икки киши эса оқланиб, суд залидан озодликка чиқарилди.

Р.Алиев Венада қочқинликда бўлган пайтда унинг розилигисиз рафиқаси билан ажрим расмийлаштирилиб, асосий мол-мулки турмуш ўртоғи, президентнинг тўнғич қизи Дариға Назарбоева номига ўтказилган.

Кузатувчилар президентнинг собиқ куёвига жуда кўп ҳолатлар бўйича айблов эълон қилинганига қарамай, унга нисбатан енгил жазо берилганини таъкидламоқда.

“Менимча, Роҳат Алиевга берилган жазо ўта юмшоқ. У Қозоғистон қонунчилигида мавжуд энг оғир жазони олиши керак эди, деб ўйлайман”,- дейди сиёсатчи Маржон Аспандиёрова.

Р.Алиев ва шерикларига Қозоғистондаги энг йирик банклардан бири ҳисобланмиш “Нурбанк”нинг икки собиқ раҳбарини ўғирлаш, уларни қийноққа солиш, қотиллик ва йирик иқтисодий жиноятлар содир этганлик айблови қўйилган эди.

Р.Алиев айни пайтда Австрия пойтахти Венада яшаётгани ҳамда унинг уюшган жиноий гуруҳдаги аксар шериклари мамлакат ташқарисида бўлгани боис, улар устидан суд сиртдан ўтказилди. Ҳукм ўқиб эшиттирилган бўлса-да, жорий йилнинг 23 январь куни Р.Алиев ва унинг яна ўнга яқин шериги устидан мамлакатда тўнтариш уюштиришга уриниш ва давлат сирларини ошкор этиш айбловлари билан ёпиқ тарзда яна бир суд жараёни бошланади.
XS
SM
MD
LG