Линклар

ЎзА яна қовун туширдими?

  • Фаррух Юсуфий

Конрад Аденауэр жамғармасининг Тошкендаги вакили Грегор Риссел Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА тарқатган хабарда ўзи айтмаган гаплар берилганини маълум қилди.

Ўтган ҳафтада Ўзбекистонда Омбудсман идораси ҳамда давлат ва нодавлат ташкилотларнинг мамлакатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш масаласига бағишланган анжумани бўлиб ўтган, Конрад Аденауэр жамғармаси тадбир ташкилотчиларидан бири эди.

Тадбирни ёритган ЎзА мухбири Турсунбой Ботирбеков Грегор Рисселдан иқтибос келтириб, “президент Ислом Каримовнинг ташаббуси билан Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш учун мустаҳкам замин яратилгани”ни ёзган эди.

Грегор Риссел эса “Озодлик” билан суҳбатда бундай гапларни айтмагани ва ЎзА эълон қилган хабарни ўқиб ҳайрон қолганини билдирди.

“Мен бу сўзларни айтмаганман ва бу ҳақда агентлик вакиллари билан гаплашдим ва хабарга раддия берилишига умид қиламан. Ғарбда одатда бундай ҳолатларда раддия ёки тузатиш эълон қилинади. ЎзА тузатиш ёки раддия эълон қиладими-йўқми, бу уларнинг журналистик этикасига ҳавола”,- деди Грегор Риссел.

ЎзА вакилининг “Озодлик” билан суҳбатида эса ўзини бош муҳаррир ўринбосари сифатида таништирган ходим раддия масаласида ҳеч нарса дея олмаслиги, бундан бехабар эканини маълум қилди.

Г.Риссел эса ЎзА хабаридаги тушунмовчиликка қарамай, жамғарма ва Ўзбекистон Омбудсмани идораси ўртасидаги ҳамкорлик давом этишига ишонишини алоҳида қайд этди.

“Конрад Аденауэр жамғармаси Ўзбекистон Омбудсмани идораси билан ҳамкорликда биринчи марта бундай йирик анжуман ўтказди. Бу жуда муваффақиятли анжуман бўлди, чунки унинг охирда Омбудсман идораси билан Ўзбекистон судьялари уюшмаси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Жамғармамиз муҳим аҳамиятга эга бўлган Омбудсман ва судьялар уюшмаси билан яқин ҳамкорликни давом эттиради”,- деди Грегор Риссел.

Кондрад Аденауэр жамғармаси Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистондан ҳайдалмаган саноқли халқаро ташкилотлардан биридир.

Ҳуқуқ ҳимоячилари мазкур немис жамғармасини расмий Тошкент ҳукумати билан яхши муносабатда бўлишни ўз миссиясида кўрсатилган Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини қуриш масалаларидан устун қўйишда айблаб, танқид қилиб келади.
XS
SM
MD
LG