Линклар

ЕИ Ўзбекистон билан алоқаларда тақдирга тан берган кўринади

  • Ҳурмат Бобожон

http://uza.uz/ru/images/407t.jpg Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов учинчи муддатга президент вазифасини бажаришга расман киришганининг эртаси куни Оқсарой қароргоҳида Европа Иттифоқи махсус вакили Пьер Морелни қабул қилди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабарига кўра, Пьер Морель Ислом Каримовни президент лавозимига қайта сайлангани билан табриклаган ва ЕИ Ўзбекистонни ишончли ҳамкор, дея ҳисоблашини таъкидлаган.

Учрашув давомида Ислом Каримов Пьер Морелга ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларга қўшган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди.

“Фурсатдан фойдаланиб, мен сизнинг ЕИ билан минтақамиз давлатлари, хусусан, Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамлашишига қўшган ҳиссангизни алоҳида таъкидламоқчиман”,- деди И.Каримов.

Ўз навбатида, Пьер Морел ЕИ Марказий Осиё билан алоқаларни янада ривожлантириш истагида эканини билдирган.

Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги муносабатлар 2005 йил 13 майда Андижонда ҳукумат кучлари тинч намойишчиларни ўққа тутиши билан боғлиқ хунрезликдан сўнг совуқлашганди. ЕИ Андижон хунрезлигига доир халқаро текширув ўтказилиши талаби билан Ўзбекистонга жазо чоралари, жумладан, қурол эмбаргоси ва Андижон воқеасига масъул экани гумонланган 12 ўзбек расмийсига виза чекловини жорий этган эди. Ўтган йилнинг октябрь ойида эса ЕИ Ўзбекистонга қўйган талаблар бажарилмаганига қарамай, жазо чораларини енгиллаштиришга аҳд қилди, ўзбек амалдорларига жорий этилган виза чекловини олти ойга бекор қилди. Ўшанда ЕИ Ўзбекистонга қарши жазо чораларининг тақдири мамлакатдаги президент сайловининг қандай ўтишига ҳам боғлиқлигига ишора қилган эди.

Фуқароларга асл танлов имкони берилмаган сайлов мамлакатни 19 йилдан бери бошқариб келаётган 70 ёшли Ислом Каримовнинг конституцияга тамомила зид тарзда учинчи муддатга президент курсисида қолишини таъминлади. ЕИ мулозимининг Ўзбекистонда аксилконституциявий йўл билан президент лавозимини сақлаб қолган И.Каримовни қайта сайлангани билан табриклаши ҳуқуқ ҳимоячилари эътирозига сабаб бўлди.

“Мана шундай аксилконституциявий ҳокимият ишғолидан кейин ҳам ЕИ расмийси Пьер Морел Ислом Каримовга қўл узатаётган экан, демак ЕИни Ўзбекистон фақат геосиёсий нуқтаи назардан қизиқтиради. Бу ЕИнинг Ўзбекистон билан бундан буёнги мулоқотида инсон ҳуқуқлари мавзуси орқа планга суриб қўйилганини кўрсатади. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида бу мен учун жуда аянчли”,- дейди Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Отаева.

Аммо ЕИ расмийлари ўтган йил октябрь ойида Ўзбекистонга жорий этган санкциялар юмшатилишини эълон қилар экан, бу давлатдаги инсон ҳуқуқлари аҳволи яқиндан кузатиб борилишини билдирганди. ЕИ махсус вакили Пьер Морел ҳам бир ой аввал Ўзбекистонда диссидент шоир Юсуф Жуманинг сайлов арафасида норозилик акцияси ўтказиши ортидан хибсга олинганидан хабари борлигини “Озодлик” мухбирига айтган эди. Бироқ ўшанда у бу борада изоҳ бера олмаслигини маълум қилганди.

Ислом Каримов билан Оқсарой қароргоҳида бўлган учрашувда Пьер Морел Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари мавзусини кўтаргани номаълум. Бу ҳақда уни ўзидан сўрашнинг ҳозирча имкони бўлмади.

Надежда Отаева фикрича, ўзбек расмийлари билан ҳар қандай мулоқотда Европа вакиллари инсон ҳуқуқлари масаласи, хусусан, қамалган ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифат фаолларининг озод этилиши масаласини кўндаланг қўйиши керак.

“Пьер Морел ва Ислом Каримов учрашувида бу масала кўтарилганини билмайман-у, лекин бундай қўл сиқишув нимага олиб келишини ҳали кўрамиз”,- деди Н.Отаева.
XS
SM
MD
LG