Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:20

Юзлаб оила қаҳратонда кўчага қувилиши мумкин


Душанбега туташ Рудакий туманидаги 800 оила қаҳратон қишда бошпанасиз қолмоқда. Тожикистон Бош прокуратураси 800 оила томонидан ноқонуний ўзлаштирилган ер тортиб олинишини маълум қилаётир.

Тожикистон бош прокурори Бобожон Бобохоновнинг билдиришича, туманнинг Зайнабобод қишлоқ кенгаши ва ўша ҳудуддаги паррандачилик фабрикасига тегишли қаровсиз ерлар фабрика собиқ директори Ҳасан Азимов томонидан ноқонуний тарзда аҳолига сотилган.

“Ҳасан Азимов 73 гектар ерни аҳолига ўзбошимчалик билан сотган ва бунинг эвазига берилган 500 минг сомоний ва фабрикадаги товуқлар учун катта миқдордаги ғаллани ўзлаштирган. Ҳозир собиқ директор устидан тергов ниҳоясига етган. Суд ҳукмидан сўнг шу 800 оила жойлашган ер қайтариб олинади, ҳеч кимга раҳм-шафқат қилинмайди. Тожикистон қонунлари шуни талаб қилади”,- деди Б.Бобохонов.

Қиш қаҳратонида уй-жойсиз қолаётган оддий тожикистонликлар эса улар доди ҳеч кимга етиб бормаётганидан куйинаётир.

Олти фарзанднинг онаси Ражабгул Бобоалиева эри йиллар давомида Россиядан уйига келмай ишлаб топган пул эвазига иморат қурганини билдириб, Тожикистондаги кўплаб халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бошпанасиз қолдирилаётган аҳоли мурожаатларига жавоб бермаётганини таъкидлади.

Бошқа бир аёл эса ҳукумат идораларининг қаҳратонда уйларни текислаб ташлашига ишонмаслиги, ҳали ҳам умид билан яшаётганини айтади.

“Бизнинг президентимиз бор, ҳали ҳукумат ўлгани йўқ. Улар ўз халқини шундай қаҳратонда кўчага улоқтиришига ишонмайман. Бу ерда ёш болалар, беморлар ва кексалар бор. Наҳотки ҳукуматнинг юраги шунчалик музқотган бўлса”,- деди аёл.

Аммо Бош прокуратура вакиллари ҳақиқатан ҳам аҳолига ичи ачимайдиган кўринади. Улар паррандачилик фабрикасининг собиқ директори устидан ҳукм ўқилиши билан январь ойи охирига қадар аҳолига ноқонуний сотилган ерларни давлат ҳисобига қайтариш ишлари бошланишини маълум қилмоқда.

Бироқ 73 гектар ер паррандачилик фабрикаси директори буйруғи билан сотилиб, ҳужжатлар маҳаллий ҳокимлик томонидан расмийлаштирилганига қарамай, Ҳасан Азимовдан бошқа бирор мулозим жиноий жавобгарликка тортилмаган.
XS
SM
MD
LG