Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:20

Ўзбек пахтаси йирик харидорни йўқотиши мумкин


Ахборот агентликлари хабарларига кўра, Европанинг баъзи йирик ширкатлари ортидан Бангладешдаги айрим компаниялар ҳам Ўзбекистон пахтасини сотиб олиш масаласини кўриб чиқмоқда.

Европадаги кийим-кечак савдоси билан шуғулланувчи “H&M”, “TESCO” ва “Marks & Spencer” каби йирик ширкатлар болалар меҳнати эвазига Ўзбекистонда етиштирилган пахтадан тайёрланган маҳсулотларга бойкот эълон қилганди. Улар сафига қўшилиши мумкинлиги хабар қилинаётган Бангладешдаги тўқимачилик ва кийим-кечак фабрикалари учун четдан сотиб олинаётган хомашёнинг 60 фоизини Ўзбекистон пахтаси ташкил этади.

Бангладеш тўқимачилик фабрикалари уюшмаси президенти Абдулхай Саркор “Дейли Стар” газетаси мухбирига берган интервьюсида АҚШ, Ғарбий Африка, Туркманистон ва МДҲнинг бошқа мамлакатлари ўзбек пахтасига муқобил манба бўлиши мумкинлигини айтган.

“Бу масала ҳали дастлабки босқичда. Агар Ўзбекистон ҳукумати ўз вақтида бу масалага эътибор қаратса, Ўзбекистондан пахта сотиб олиш муаммо бўлмайди. Акс ҳолда фабрикаларимиз бошқа манба излашга мажбур бўлади”, – деди уюшма президенти.

“Роял Деним” ширкати директори Абу Жафар Низомий эса Ўзбекистонда йигирилган иплар сифати ҳам бангладешлик тадбиркорларни қониқтирмаётганини билдирди.

“Айрим истеъмолчилар Европа давлатларидаги каби йигирилган ип сифати яхшироқ бўлишини хоҳлайди. Ўзбекистоннинг бу маҳсулоти халқаро стандартларга мос келмайди”, – деди бангладешлик тадбиркор.

Европа ширкатларининг Ўзбекистонда етиштирилган пахтадан тайёрланган маҳсулотларга бойкот эълон қилиши инсон ҳуқуқлари фаоллари анча вақтдан бери олиб бораётган кампания натижасидир.

Бир қатор инсон ҳуқуқлари фаоллари ва ташкилотлар Ўзбекистон пахта саноати билан ҳамкорлик қиладиган чет эл ширкатларига мактуб йўллаб, Ўзбекистонда пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланилаётгани муаммосини кўрсатган.

“Мақсадимиз Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳукумат томонидан бузилаётгани, болалар меҳнатидан фойдаланилаётганига дунё жамоатчилиги эътиборини қаратиш ва бу иллатларга барҳам беришдир. Совет давридан бери давом этиб келаётган болалар меҳнатидан фойдаланишни тўхтатишга Ўзбекистон ҳукуматини мажбур қилишимиз керак. Ўзбекистон фермерларига ҳам эркинлик берилиши лозим”, – дейди Ирландияда муҳожиратда яшаётган ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдужалил Бойматов.

Ўзбекистонда пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланиш кампанияси ташаббусчиларидан яна бири Францияда фаолият юритаётган Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари уюшмасидир. Ташкилот раҳбари Надежда Отаева “Озодлик”ка берган интервьюсида Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланишга чек қўйиш муҳимлигини таъкидлади.

“Биласизки, кўп йиллардан буён пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланиб келинади. Биз бу масалани кўтарадиган вақт етди, деган қарорга келдик. Шу боис, бу муаммо маълум доираларда муҳокама қилиниши учун биз халқаро ҳамжамиятга мурожаат йўлладик. Чунки бу муаммони ўз кучимиз ва ҳаракатимиз билан ҳал қила олмадик. Бу масала мамлакат, қолаверса, миллат келажаги бўлган болаларга тааллуқли. Вазият бундай давом этиши керак эмас”, – деди Надежда Отаева.
XS
SM
MD
LG