Линклар

Ашуро маросимлари пайтида хавфсизлик чоралари кучайтирилди

  • Ҳасанжон

Ироқнинг Карбало шаҳрида шиа мазҳабидаги икки миллионга яқин мусулмон Ашуро диний маросимини ўтказишга тўпланди. Шаҳарда хавфсизлик чоралари кучайтирилди.

Ахборот агентликлари хабарларига кўра, 10 кунлик Ашуро маросимида қатнашиш мақсадида Бағдоддан 100 километр жанубда жойлашган Карбало шаҳрига йиғилган зиёратчилар хавфсизлигини таъминлаш учун шаҳарга Ироқ хавфсизлик кучларининг 25 минг аскари жойлаштирилган.

Шиа мусулмонларининг Муҳаммад саллаллоҳи алайҳи васалламнинг набираси Имом Ҳусайн 680 йилда ўлдирилгани билан боғлиқ диний маросими Карбало шаҳридаги Имом Ҳусайн ва Имом Аббос зиёратгоҳларида ўтказилади.

Ашуро маросимида қатнашадиган эркаклар оқ либос кийиб кўчаларда юриш қилади. Улар қилич билан бошларига уриб, Имом Ҳусайн ўлдирилганидан афсус-надомад чекади. Бошқалар кўкракларини муштлайди, баъзилар дўмбира чалади ва диний шиорлар айтади. Бундай маросимларни Ироқнинг бошқа шаҳарларида ҳам кузатиш мумкин.

“Ушбу Ашуро маросимлари ҳақиқат, эркинлик учун бош кўтарган Имом Ҳусайн ҳазратларини биз чин дилдан севишимиз ва унга садоқатли эканимиз белгисидир. Жони жаннатда бўлсин. Аллоҳ Ислом умматига тинчлик ва қудрат ато этсин. Ушбу юришда биз ҳам шу ҳақда ваъдалар берамиз”, – дейди Киркукдаги юриш маросими қатнашчиларидан бири.

Полиция маълумотига кўра, Басра ва Носирия шаҳарларида хавфсизлик кучлари ва шиа гуруҳлари ўртасида тартибсиз отишмалар юз берган. Мазкур гуруҳлар жума куни Ашуро маросимида қатнашаётган тинч аҳолига ҳужум уюштиргани оқибатида 70 киши нобуд бўлган эди. Ироқ полицияси ҳужум қилганларнинг аксарини ўлдириб, бир неча жангарини қўлга олди.

19 январ куни Ироқ шимолидаги Киркук шаҳрида Ашуро маросимида содир этилган портлаш оқибатида камида икки одам қурбон бўлди.
XS
SM
MD
LG