Линклар

Саакашвили Россияга “дўстлик қўли”ни чўзади

  • Фаррух Юсуфий

Якшанба куни Михаил Саакашвили Грузия президенти сифатида иккинчи беш йиллик муддатга қасамёдга келтирилди. Шу куни унга мухолифатда бўлган кучларнинг йирик норозилик намойиши ҳам ўтказилди.

Грузия парламенти биноси қаршисида ўтказилган маросимда хорижий меҳмонлар ва 40 ёшли М.Саакашвилининг минглаб тарафдорлари иштирок этди.

Қасамёд маросимида олий мартабали меҳмонлар, жумладан, Польша президенти Лех Качинский ва Руминия президенти Траян Басеску қатнашди. М.Саакашвилини қасамёдга келтириш маросимида Россияда ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам ҳозир бўлди.

Қасамёд тадбиридан кейин икки ярим мингга яқин ҳарбий, танклар, оғир артиллерия ва жанговар самолётлар иштирокидаги парад бўлиб ўтди.

М.Саакашвили парламент биноси олдидаги майдонга тўпланганларга мурожаат қилиб, 5 январда Грузия тарихидаги энг демократик сайлов бўлганини таъкидлади. У грузияликлар мамлакат яхлитлиги ва демократик тараққиёти учун овоз берганини билдирди.

Қасамёддан кейинги чиқишида М.Саакашвили Россияга “дўстлик қўлини чўзаётгани”ни ҳам таъкидлади. Тбилиси ва Москва ўртасидаги муносабатлар М.Саакашвилининг биринчи президентлик муддати даврида Грузиянинг НАТО ва Европа Иттифоқи томон яқинлашишга қилган уринишлари боис анча совуқлашган.

М.Саакашвилининг инаугурацияси душанба куни православ насронийларнинг Кутаиси шаҳри яқинидаги Баграти черковида якунланади.

Инаугурация пайтида М.Саакашвилининг 5 январь кунги сайловдаги ғалабасини тан олмаётган мухолифат норозилик намойиши ўтказди.

Ипподромга йиғилган мухолифатчилар президент сайлови натижаси бекор бўлишини талаб қилди.

Мухолифат етакчиси Леван Гачечиладзе халқ М.Саакашвилининг президент сифатида қилган қасамёдига ишонмаслигини намойиш этишини таъкидлади.

19 январь куни АҚШ давлат котиби ўринбосари Мэтью Бриза ҳукумат ва мухолифат вакиллари билан учрашиб, иккала томонни қарама-қаршиликдан воз кечиб, баҳорга белгиланган парламент сайловининг эркин ва адолатли ўтиши учун биргаликда ишлашга чақирди.

5 январь кунги сайловнинг расмий натижаларига кўра, М.Саакашвили 53 фоиз овоз билан ғалаба қозонган эди. Унинг асосий рақиби Л.Гачечиладзе 25 фоиз сайловчининг қўллаб-қувватлашига эришган.

М.Саакашвили 2004 йилги “атиргул инқилоби”дан кейин президент этиб сайланган эди. 2007 йилнинг ноябрида мухолифат намойиши ҳукумат томонидан куч билан бостирилиб, мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилингандан сўнг у муддатдан олдин президент сайлови белгиланганди.
XS
SM
MD
LG