Линклар

Ҳаёт ҳикояси Лондон саҳнасига кўчган Нодира

  • Абдулла Искандар

"Элчининг раққосаси" деб ном қўйишди Нодиранинг тақдири акс этган спектаклга.

"Элчининг раққосаси" деб ном қўйишди Нодиранинг тақдири акс этган спектаклга.

“Давр менинг тақдиримда” дастурининг бу галги қаҳрамони Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчисига турмушга чиқиб, Лондонда актëрлик фаолиятини бошлаган жиззахлик 26 ёшли Нодира Алиевадир.


“Мен машаққатлар устидан ғолиб бўлганимдан ғурурланаман. Чунки қўлимни силтаб енгилганим йўқ”,- дея гап бошлади кейинги бир ҳафта ичида Лондон газеталари бош қаҳрамонига айланган Нодира.

Нодира Алиеванинг болалиги театр саҳнаси ортида кечди. Унинг ота-онаси Жиззах театрида ишларди. Саҳнада бойлар тарафидан иффати топталган Жамила, султон ҳарамида хўрланган Гули монологлари янграëтган бир пайтда Нодира саҳна ортидаги болалар аравачасида сўрғичини сўриб ўтирган эди.

“Ота-онам театрда ишлаган пайтларида қарайдиган одам бўлмагани учун улар бизни кўпинча репитицияларга олиб борар эди. Уйда катта фарзандман. Биз театрда, саҳна орқасида репитицияларни кўриб катта бўлганмиз. Артистлар рол ўйнаëтган пайтда биз ранг–баранг саҳна безакларига маҳлиë бўлиб ўтирар эдик”,- дейди Нодира.

Аммо ҳаëт саҳна безаклари каби ëрқин эмаслигини Нодира дарҳол англай бошлади.

“Мустақилликка эришгандан кейин кўпчилик қатори оиламиз ҳам қийинчиликларга дуч келди. Йўқсиллик боис, одамлар театрга кам кела бошлади ва театр иши аста-секин сўна бошлади”,- хотирлайди Нодира.

Ўзбекистон мустақиллигидан кейин театр артистларининг бозори касод бўлди. Ëшгина Нодира бозорга чиқиб, латта-путта сота бошлади. Аммо оиланинг бири икки бўлмади. Ҳаëт қозон куяси каби қоп-қоронғу бўлиб кўринди Нодиранинг кўзларига. У ҳатто ўзини балкондан ерга ташлаб ўлдирмоқчи ҳам бўлди. Нодирани унинг укалари Санжар ва Сарвар ўлимдан асраб қолди. Нодира бу зулмат ҳаëтдан қутулишнинг ягона йўли ўқиш эканини англади. Аввалига актëрликка ўқимоқчи бўлди, аммо онаси бунга рози бўлмади. Нодира инглиз тили муаллимаси бўлишга аҳд қилди.

“Онам менинг актриса эмас, ўқитувчи бўлишимни хоҳлаган эди. Кейинчалик мен Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига ўқишга кирдим ва университетни тугатгач, онамни хурсанд қилиш учун ўқитувчи бўлиб ишладим”,- дейди Нодира.

Ўрта мактабдаги ўқитувчиликдан олаëтган маоши Тошкентдаги уй ижарасини тўлашга ҳам етмагани боис Нодира тунлари фаррошлик ҳам қилди. Аммо барибир топгани тирикчилик қилишга етмади. Нодира Тошкентдаги қайсидир бир ширкатга ишга кирди. Ҳаж қилган, ибодатли, ташқи кўринишидан авлиëсифат киши бўлиб кўринган ширкат раҳбари Нодиранинг номусига тажовуз қилди. Бу Нодиранинг беғубор ички дунëсини остин-устун қилиб юборди.

“Менинг ўша пайтдаги аҳволимни тасаввур ҳам қила олмайсиз. Номусимга тажовуз қилган инсон оддий инсон бўлганда эди, бу аллақачон эсимдан чиқиб кетган бўларди. Бу инсон “ҳожи”, деган номи билан шу ишни қилгани менинг юрагимда қолган. Худди бу ўзбекларга хос одатдай ўша пайтда дугоналарим ҳам “ҳечқиси йўқ, бўлиб туради”, деб айтган. Ахир ўзбекларда қиз бола турмушга чиққунча бокира бўлиши керак. Ана шу нарсаларни эсласам, кўзларимга ëш келади. Бу алам менинг юрагимни тимдалайди”,- дейди қора кунларини эслаб Нодира.

Нодира ширкатдаги ишидан бўшаб, тунги клубда рақс туша бошлади. Унинг кўнгли йиғлар, аммо кўзларида нам йўқ эди. Эски ғазалда айтилганидек, Нодирада дард бор эди, аммо дармон йўқ эди. Жисм бор эди-ю, жон йўқ эди. Кўнгил саройи бўм-бўш, кутилган султон йўқ эди.

2003 йилнинг кўклам оқшомидаги бир учрашув Нодиранинг ҳаëтини тубдан ўзгартирди. Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги ўша пайтдаги элчиси Крейг Мюррей Нодирага бир қарашдаëқ ошиқу беқарор бўлди. Орадан олти ой ўтиб, Мюррей Нодирага уйланди. Бу уйланиш Мюррейнинг дипломатлик карьераси тугаётган пайтга тўғри келди. Элчи Каримов режимиинг ашаддий танқидчиси эди. Бу ҳолат расмий Тошкент ва расмий Лондон таъбига ўтирмади.

“Тўғрисини айтсам, мен сиëсатга қизиқадиган одам эмасман. Агар Крейг нима иш қилиб юрганини Ўзбекистондаги пайтимда билганимда эди, мен ҳеч қачон унга турмушга чиқмаган бўлардим. Мен буни Лондонга келганимда газеталар орқали билдим. Уйимизни журналистлар босиб кетди. Кейинчалик менга Крейг Ўзбекистон сиëсатини қаттиқ танқид қилгани учун ишдан бўшатилганини айтишди. Менинг бундан жуда ҳам жаҳлим чиқди. Биласизми, мен санъаткорман ва фақат саҳнада фаолият кўрсатишни маъқул кўраман”,- дейди Нодира.

Айни пайтда Нодиранинг “Аркола” театридаги монологи Каримов режимининг зулмкор моҳиятини британияликлар шуурида шакллантирувчи восита сифатида кўрилмоқда.

Нодира Лондонга келгач, актëрликдан таҳсил олди. Лондондаги “Аркола” театрида ўзининг илк томошасини кўрсатди. Буюк Британия элчиси учун “қорин рақси”, деб номланган томоша Нодиранинг ҳаëт ҳикоясидан иборат. Спектакль намойишидан кейин Буюк Британия матбуотида ëритилган тақризларнинг барчасида “бу монолог диктатор Каримов зуми остидаги Ўзбекистон манзарисидир”, деган сатрлар бор.

- Бу спектаклни бир инглиз ëзувчиси билан бирга ëзганмиз. Аслида бу спектакль менинг Англияга келишим, Крейг билан ҳаëт тарзим, биз дуч келган қийинчиликлар, бошимизга тушган савдолар ҳақида. Спектакль мавзуси одамнинг бошига қийинчилик тушган пайтда қандай қилиб уни енгишига бағишланган.

Нодира эри унинг артистлик фаолиятига ижобий муносабатда эканини айтади.

“Лекин баъзи бир сўзларни айтишимни мен қатори у ҳам хоҳламайди. Театрда бадиий тўқима кучли, вазият драматик бўлиши керак, деб уқтиришди менга. Драматург ҳам, режиссëр ҳам мен андиша қилган баъзи гапларни айтишга мажбурлади. Лондон театрида режиссёрнинг айтгани айтган, дегани деган. Ҳозирги кичкина театрнинг залига 60 киши сиғади. Уч ҳафтадан кейин “Вестон” театрига кўчамиз. У театрга 300 киши сиғади”,- дейди Нодира.

Нодира ëшлигида санъаткор бўлишни орзу қилган эса-да, бир кун келиб Лондон саҳнасига чиқишини хаëлига ҳам келтирмаган эди.

-Мен 16 йил олдин бир кун келиб Британия элчисига турмушга чиқаман, актриса бўламан ва Лондонда шоу қиламан, деб ҳеч қачон ўйламаган эдим. Мен Жиззахда камбағал санъаткор оиласида қийналиб ўсганман. Бир парча нон қадрини яхши биламан. Худойимга шукур, мана, Англияга келдим, театр институтига ўқишга кириб, икки ярим йил ўқидим.

Оддий ўзбек қизига Буюк Британия элчисининг ошиқ бўлгани ҳақидаги ҳикоя Ҳолливуддаги киночилар диққатини тортди. Ҳолливуд Крейг Мюррейнинг “Самарқанддаги қотиллик ва жирканч дипломатия” китобини экранлаштириш режасида.

-Буюк Британиянинг машҳур режиссëри Майкл Винтботон Крейгнинг бу китоби асосида Ҳолливуд билан ҳамкорликда фильм суратга олмоқчи. Бу фильм балки бўлар, балки йўқ. Чунки бу юрт кино саноатининг асосий мақсади пул ишлашдан иборат. Фильм яхши пул топадиган бўлса ишланади, бўлмаса йўқ. Мен актриса сифатида бу фильм ишланишига ишонмайман. Чунки мен бу юртнинг кино саноатини яхши биламан. Балки суратга олинса, мен ҳам қандайдир кичкина рол ижро этарман. Майклнинг айтишича, менинг ролимни Ҳолливуднинг қайсидир бир машҳур актрисаси ўйнайди.Чунки мен ўйнасам, фильм пул топа олмаслиги мумкин.

Айни пайтда Нодира Лондонда камтарона ҳаëт кечирмоқда.

“Қийналиб яшаш пешанамга ëзилган, шекилли. Аммо Ўзбекистонда қийналган пайтларим бўлган бўлса ҳам оилам билан бирга эдим. Ҳозир ҳаëтим бироз яхши, лекин оилам ëнимда эмас. Онам ўтган йил келиб кетган эди. Ҳозир чақиришга пулимиз йўқ. Шоудан пул топсам, балки чақириш бахтига муяссар бўларман. Пулимиз йўқлиги учун ҳатто ўз укаларимни ҳам кўришга чақира олмайман. Иншооллоҳ, ҳаммаси яхши бўлар, деб ўйлайман”,- дейди Нодира.

Ўзингиз бошингиздан кечирган ҳаëтни, фарзандларингиз туғилса, уларга раво кўрармидингиз, деб сўраймиз Нодирадан.

- Мен бошимдан кечирганларни бу дунëдаги ҳеч бир қизга раво кўрмайман. Балки кимнингдир ҳаëти меникидан ҳам қийин бўлгандир, балки яхшироқ. Лекин барибир мен ҳеч кимга ëмон ҳаëтни раво кўрмайман. Мен шунча қийинчиликларга қарамай, енгилганим йўқ. Юрагимда ҳалигача Аллоҳга ишонч бор. Мана, аста-секин орзуларим ушаляпти. Бир кун келиб, Аллоҳнинг мўъжизаси билан ҳамма орзуларим ушалади. Чин юрагимдан баралла “бахтлиман”, дея олмайман, чунки бир кам дунë дейишади-ку!
XS
SM
MD
LG