Линклар

logo-print

Қизлар озод қилинди


Бирлашган Араб Амирликларида жинсий эксплуатацияга жалб қилиш мақсадида ўзбекистонликлар томонидан ўғирлаб кетилган қозоғистонлик икки ёш қиз юртига қайтарилди.

Ўтган йилнинг август ойида Шимолий Қозоғистоннинг Петропавловск шаҳрида 1990 ва 1991 йилда туғилган икки қиз бедарак йўқолган эди. Аммо куни-кечагина ўз юртига қайтарилган қизларнинг на ота-онаси ва на ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қизлар кейинчалик БААга жинсий эксплуатация учун жўнатиш мақсадида қўшни Ўзбекистонга олиб кетилганини хаёлига ҳам келтирмагани маълум бўлди.

Шимолий Қозоғистон ички ишлар департаменти матбуот котиби Мадина Балгашукова ҳозир қозоғистонлик кўпгина ёшларнинг Олмаотага келиб, бир-икки сўм ишлаб кетиш орзуси аянчли оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида гапирди. Петропавловсклик ёш қизлар ҳам бир аёл томонидан пул ишлаш таклифи бўлганида, ҳеч иккиланмасдан, ҳатто ота-оналари рухсатисиз Олмаотага кетишга рози бўлганди.

Матбуот котибининг айтишича, Олмаотадаги нуфузли фирмалардан бирига ишга жойлаштиришни ваъда қилган аёл аввалига қизларни Остонага олиб келган. У ерда эса ўзбекистонлик бир аёлга пуллаб юборган. Бир неча вақтдан сўнг қизлар ўз мобил телефонлари орқали ота-оналарига ҳозир Олмаотада эмас, балки қўшни Ўзбекистонда экани ва уларга ёрдам зарурлигини, тез орада уларни хорижга жўнатишмоқчи бўлишаётганини маълум қилган.

Аммо Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ўзбекистонлик ҳамкасблари билан боғланиб, қизларни қидириш ишларини тўлиқ йўлга қўйгунича, одам савдоси билан шуғулланиб келган шахслар уларни Ўзбекистоннинг бошқа вилоятига юборишга улгурган. Аниқланишича, қизлар Бухоро вилоятига олиб кетилган.

Маълум бўлишича, қизларни Остонада сотиб юборган ва уларни сотиб олиб Ўзбекистонга олиб келган Галина ва Влада исмли икки аёлнинг қизлари ҳам БААдаги фоҳишахоналардан бирида сақланган.

Жиноятга қўл урган Влада исмли ўзбекистонлик аёлнинг сўзларига кўра, у Ўзбекистондаги қийин иқтисодий вазият сабаб ўз қизини Яқин Шарқдаги фоҳишахоналардан бирига юборишга мажбур бўлган. Аммо кейинчалик қизини озод қилиш мақсадида бировнинг боласини фарзанди ўрнига хорижга фоҳишаликка юборишни кўзлаган.

Режалари амалга ошмаган икки аёл ҳозир Шимолий Қозоғистон тергов изоляторида сақланмоқда. Уларга нисбатан одам савдоси бўйича жиноят иши очилган.

Мадина Балгашукованинг билдиришича, айни пайтда петропавловсклик қизларни Яқин Шарқдаги фоҳишахоналарга юбориш ишлари билан доимий шуғулланиб келган 4 киши аниқланган. Шунингдек, бу иш билан шуғулланаётган жиноий гуруҳларни аниқлаш мақсадида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари билан оператив ҳамкорлик йўлга қўйилган.
XS
SM
MD
LG