Линклар

Туркманлар яна опера кўради

  • Абдулла Искандар

Ўтган шанба куни туркманистонлик маданият ва санъат ходимлари билан учрашган президент Қурбонқули Бердимуҳаммедов мамлакатда опера, цирк санъатини ривожлантириш, кинотеатр ва ҳайвонот боғлари очиш лозимлигини билдирди.

Бундан олдинги президент, марҳум Сапармурод Ниёзов опера, балет ва циркни халқ тушунмайди, дея тақиқлаб қўйган эди.

Қ.Бердимуҳаммедов эса ўз салафининг бу тақиқини бекор қилиб, “маданият ривожи учун мамлакат мафкураси ўзгариши керак”лигини таъкидлади.

“Бизга “давлат одам учун” мафкураси зарур, “одам давлат учун”, деган мафкура эмас. Бу янги мафкура учун маданият ва санъат тиргак бўлиши керак, опера, цирк, кино ва кутубхоналар ўз эшикларини халқ учун ланг очсин”,- деди Қ.Бердимуҳаммедов.

Германияда яшаётган туркман рассоми Момоқули опера ва балет санъатига тақиқ бекор қилингани инқилобий воқеа бўлганини таъкидлади.

“Бир халқни дунëга тамсил қиладиган восита маданият ва санъатдир. Шу боис, опера ва балет ҳамда циркнинг қайтадан очилажагини эшитиб қаттиқ қувондик. Мамлакатдан қочган опера ҳофизлари ва балет раққослари Туркманистонга қайтиб, ишини давом эттиради, деган умиддаман”,- деди туркман рассоми.

Унинг сўзларига кўра, туркман халқини балетни тушунмайди, деб ерга уриб, таҳқирлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

“Мен ўзим Туркманистонда яшаганимда ҳар ҳафта балет томоша қилар эдим. Халқимизни опера ва балетни тушунмайди, деб ерга уришларидан хафа бўлгандим. Тушунмаса, тушунтириш вожибдир. Бутун дунëда Бах, Гендел, Моцарт каби бастакорларни кўпчилик тинглайди. Нега туркманлар бундан мосуво қолсин”,- дейди Момоқули.

Туркманистонлик социолог олим Фарҳод Илëсов фикрича, юқоридан берилган буйруқ билан маданиятни ривожлантириб бўлмайди.

“Қ.Бердимуҳаммедовнинг циркни қайта тиклаш ташаббуси тарғиботдан бошқа нарса эмас. Жамият эркин бўлгандагина санъат ва маданият ривож топиши мумкин”,- деди олим.

Унинг айтишича, асл касби тиш доктори бўлган Туркманистон президентининг собиқ салафидан қолган муаммоларни оғриқ тишлар каби суғуришга мажоли етмаяпти.
XS
SM
MD
LG