Линклар

Туркияда оммабоп сайтга чеклов қўйилди

  • Алишер Сиддиқ

Туркияда суд қарори билан дунёдаги энг оммабоп сайтлардан бири бўлмиш “www.youtube.com”га чеклов жорий этилди. Бу эса мамлакатда сўз эркинлиги борасидаги мунозарага сабаб бўлаётир.

Исталган видеоматериални жойлаштириш ва томоша қилиш имконини берувчи ушбу сайтга тўсиқ қўйилгани унда замонавий Туркия асосчиси ва турклар доҳийси Мустафо Камол Отатурк шаънини булғовчи материллар пайдо бўлгани билан изоҳланмоқда.

“Youtube.com” саҳифаси эгалари бу борада аввал ҳам огоҳлантирилган эди ва ўтган йилнинг март ойида саҳифадан Отатурк мазах қилинган материалар олиб ташланмагунга қадар ёпиб қўйилганди.

Бу сафар ҳам сайтга тўсиқ қўйилишига Отатуркнинг турк миллатига мансублигини шубҳа остига олувчи, уни маймун ва бесоқолбоз, дея ҳақоратловчи видеоматериаллар эълон қилингани сабаб бўлди. Бироқ бу ҳолат демократик Туркиядаги сўз эркинлигини ҳам ноқулай вазиятга қўйди.

Туркиядаги Ижтимоий тадқиқотлар жамғармаси таҳлилчиси Эмре Шаҳин Туркия суди муаммони бошқа йўл билан ҳал қилиши керак эди, деб ҳисоблайди.

“Youtube”нинг ёпилиши фуқароларнинг ахборот олиш ҳуқуқи поймол этилишидир. Бу қарор суд томонидан қабул қилган эса-да, ҳукумат муаммони бошқачароқ ҳал этишга етарлича ҳаракат қилгани йўқ. Чунки бугунги ҳукумат тепасида ўтирган айрим амалдорлар Отатуркни ҳатто танқид қилиш мумкин эмас, деб ҳисоблайди. Менимча, Отатурк қайсидир маънода илоҳийлаштирилмоқда ҳам. Бу чеклов ана шундай ёндашув натижасидир. Одамларнинг ахборот олиш ҳуқуқи ғоявий мақсадларда чекланиши мумкин эмас”, – дейди Эмре Шаҳин.

Европа Иттифоқига аъзо бўлишга интилаётган Туркияда Интернетга тақиқ жорий этилиши ЕИнинг кенгайиш масалалари бўйича шўъбаси диққатини тортмоқда.

ЕИ матбуот маркази ходими Янес Бутелиснинг маълум қилишича, Туркияда Интернет сайтига тўсиқ қўйилиши билан боғлиқ ҳолат иттифоқ томонидан ўрганилмоқда.

“Биз “Youtube” сайти суд қарорига асосан ёпилганини тушунамиз, аммо суд иши материаллари билан ҳали танишганимиз йўқ. Биз воқеа ривожини кузатишда давом этаётганимиз сабабли ортиқча муносабат билдира олмаймиз”,- деди Янес Бутелис.

Айни пайтда Интернет устидан тўлиқ назорат ўрнатган Ўзбекистон ҳукумати “Youtube” сайтига тўсиқ қўймаган. Мазкур саҳифадан президент Каримов режимини танқид қилувчи кўплаб лавҳаларни топиш мумкин. Бу ерда Андижон хунрезликлари, Ўзбекистондаги болалар меҳнати, маҳбусларнинг қийноққа солиниши ҳақидаги репортажлар қаторида мухолифатнинг мурожаатлари ҳам бор.

“Эрк” демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ ҳам ўзбекистонликларга Интернет орқали мурожаат қилиб келади.

Ҳозир “Youtube” Ўзбекистон ҳақидаги ижобий материаллар билан ҳам тўлиб-тошган. Интернет фойдаланувчилари бу ерга Ўзбекистон эстарада юлдузларининг мусиқий клипларини ҳам жойлаштирган. Хуллас, “Youtube” саҳифаси барча одамлар учун бир минбар вазифасини ўтайди.

Журналист Абдураҳмон Ташанов бу сайт ҳам келажакда Ўзбекистон ҳукумати томонидан тақиқлаб қўйилиши ҳеч гап эмаслигини айтади.

Ўзбекистон ҳукумати ҳозирча “Youtube”ни ёпмаган бўлса ҳам, кузатувчилар фикрича, биргина сайт суд қарори билан ёпилган Туркиядаги вазиятни ҳеч қандай асоссиз юзлаб сайтларни ёпиб ташланган Ўзбекистондаги вазият билан таққослаб бўлмайди. Ҳарқалай, Туркияда миллий қаҳрамон Отатуркни бўлмаса ҳам амалдаги Эрдўғон ҳукуматини ва президент Абдулла Гулни истаганча танқид этиш мумкин. АҚШ президенти Жорж Буш танқид қилинган ёки мазахланган материаллар Интернетдан олиб ташлангудек бўлса, эҳтимол Интернетнинг салмоқли қисмини шунчаки ёпиб ташлашга тўғри келган бўларди.
XS
SM
MD
LG