Линклар

“Сохта имзолар” юзасидан жиноят иши очилди

  • Ҳасанжон

Россия Бош прокуратураси собиқ бош вазир Михаил Касьянов фойдасига йиғилган имзоларнинг катта қисми сохта экани юзасидан жиноят иши очди. Бу мухолифатнинг сўнгги номзодини 2 мартда ўтадиган президент сайловидан четлатишга уриниш ўлароқ баҳоланмоқда.

Кремль танқидчиси бўлган М.Касьянов 2 март куни Россияда ўтказиладиган президент сайловида қатнашиш учун ўз тарафдорларининг икки миллион имзосини Марказий сайлов комиссиясига топширган эди.

Бош прокуратура матбуот вакили Татьяна Чернишова тўпланган имзолар орасида сохталари борлиги аниқланганини билдирди.

“Касьяновни қўллаб-қувватловчи ташаббус гуруҳининг бир неча аъзоси имзо варақаларига уч ярим минг фуқаронинг сохта имзосини қўйган. Бу хатти-ҳаракатда жиноят аломатлари бўлгани учун Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 142-моддаси, 2-бандига мувофиқ қонун бузилгани ҳақидаги далиллар РФ Бош прокуратураси ҳузуридаги Тергов қўмитасининг Рибинскдаги департаментига жиноят иши очиш учун жўнатилди”, – деди Бош прокуратура вакиласи.

Т.Чернишованинг айтишича, М.Касьянов тарафдорлари Мари республикасида 12 минг сохта имзо қўйгани аниқланган.

“Ҳеритаж” жамғармасининг Москвадаги сиёсий таҳлилчиси Евгений Волк фикрича, Кремль президентликка ўзи танлаган номзод, яъни бош вазирнинг биринчи ўринбосари Дмитрий Медведевнинг сайловдаги ғалабасини таъминлашга уринмоқда. М.Касьянов кучсиз рақиб бўлишига қарамай, у Д.Медведев учун муҳим бўлган овозларни олиб қўйиши мумкин.

“Менимча, ҳозирги вазифа уни президентлик пойгасидан четлатиш ёки уни обрўсизлантириш. У ўз номзодини рўйхатдан ўтказиш учун катта қийинчиликларга дуч келади”, – дейди россиялик таҳлилчи.

11 январда Мари республикасида хавфсизлик ходимлари М.Касьяновнинг сайловолди кампанияси иштирокчиларидан олти нафарини қўлга олиб, уларни ноқонуний кампания олиб бораётганини тан олдиришга уринган.

Е.Волк ва бошқа таҳлилчилар фикрича, Кремлнинг М.Касьяновга президент сайловига ўз номзодини қўйишга изн бериши ортида либерал мухолифатни парчалаш орқали кучли номзод пайдо бўлишига йўл қўймаслик мақсади бўлган.

“Гап шундаки, у ўз вазифасини бажарди. Ўнг қанотда у билан рақобат қилиши мумкин бўлган номзод йўқ. Касьянов бузғунчи вазифасини бажарди”, – дейди Е.Волк.

Шахмат бўйича собиқ жаҳон чемпиони Гарри Каспаров либерал мухолифат номзоди сифатида сайловда қатнашишга уринди. Бироқ унинг тарафдорлари бунга йўл қўймади. Мухолифатнинг бошқа аъзоси Борис Немцов эса декабрь ойида сайловда қатнашмаслигини эълон қилган эди.

Коммунистик партия етакчиси Геннадий Зюганов ва миллатчи Либерал демократик партия раҳбари Владимир Жириновский ҳам Россияда 2 март куни ўтказиладиган президент сайловида қатнашиш учун номзод сифатида рўйхатга олинган. Аммо, кузатувчилар фикрича, уларнинг иккови ҳам Дмитрий Медведевга рақобатчи бўла олмайди.
XS
SM
MD
LG