Линклар

logo-print

Ҳукумат коллежларга реал пул сарфлаяпти, лекин самара йўқ

  • Сарвар Усмон

“Меҳнат миграцияси Ўзбекистондаги ижтимоий муаммоларнинг кескинлигини бироз юмшатишга имкон яратяпти, бироқ миграция жараёни келажакда миллий иқтисодиётнинг таназзулга юз тутишига сабаб бўлади”.

Қозоғистонда чиқадиган “Эксперт” нашрининг сўнгги сонидаги таҳлилий мақолалардан бири шундай фикр билан бошланади.

Мақолада айтилишича, кейинги йилларда Ўзбекистонни юқори малакали мутахассислар тарк этмоқда.

Бироқ Россия ва Қозоғистонга иш излаб бораётган ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг аксарияти муайян касб-ҳунарсиз ёшлардир.

Бу таъкид халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самара бермаяптими, деган саволни пайдо қилди?

Андижонлик мактаб ўқитувчиси Шокиржон Мўминов халқ таълими ислоҳоти учун ҳукумат катта пул ажратаётганини айтади. Фарғонадаги коллежлардан бирининг ўқитувчиси Маърифжон Абдураҳмонов ҳам маориф соҳасидаги ўзгаришларни ижобий баҳолайди.

“Ўзбекистонда кадрлар тайёрлаш узлуксиз жараёни жорий этилгани яхши”,- дейди М.Абдураҳмонов.

Бу фикрга “Бирлик” партияси марказий кенгаши аъзоси, Шаҳрихондаги коллежлардан бирининг собиқ ўқитувчиси, сиёсий муҳожир Акбаржон Орипов ҳам қўшилади. У умуман бу ислоҳот ғоясига қараганда анча яхши эканини таъкидлади.

Ш.Мўминов халқ таълими соҳасида туб ислоҳотларга йўл очиб берган қонуннинг қабул қилинганига 10 йилдан ошганини эслатди.

“1997 йил август ойида таълим тўғрисида қонун чиққан эди. Унга кўра, 12 йиллик мажбурий таълим жорий этилган. 9-синфгача ўрта умумий таълим ҳисобланади. Ундан кейин ҳамма ўқувчилар касб-ҳунар коллежларига бориб ўқиши шарт”,- деди Ш.Мўминов.

А.Орипов эса республика бўйлаб коллежлар қуришга зўр берилгани, масалан, Андижон вилоятининг биргина Шаҳрихон туманида (50 минг аҳоли яшайди) камида 4 та касб-ҳунар коллежи борлигини билдирди.

Лекин ислоҳот режасида назарда тутилган миқдордаги коллежлар қурилиб бўлинмаганга ўхшайди. 2005 йилга келиб мактабларда 10 ва 11-синфлар қолмаслиги керак эди. Аммо шу кунда ҳам Жалолқудуқ туманидаги ўрта мактабларнинг ярмида 10 ва 11-синфлар бор.

Ҳар бир туманда 4 тадан қурилганда ҳам бутун республика бўйлаб юзлаб коллеж қуриш кераклиги ҳақида ўйланилса, мазкур лойиҳанинг нақадар қимматга тушишини тушуниш, жалолқудуқликлар ҳам яқин йиллар ичида коллежлар билан тўла таъминланишига ишониш мумкин.

Лекин қурилган ва қурилажак коллежлардан қанчалик самара бор?

Масаланинг бу жиҳатига қолганда ҳам суҳбатдошлар боягидай якдиллик билдирди.

“Коллежлардан самара йўқ. Баъзи бирларини ҳисобга олмаса, асосан, коллежлар учун сарфланаётган пуллардан самара кўринмаяпти. Ўқувчилар дарсларга келмайди. Мен ўзим коллежда ўқитувчилик қилганим учун бу гапни тўла ишонч билан айта оламан”,- дейди суҳбатдошлардан бири.

Жалолқудуқлик оддий мактаб ўқитувчисининг фикрича, ислоҳот муаллифлари ўз режаларини ҳаётдан узилиб қолган тарзда тузган.

Суҳбатдошларнинг айтишича, коллежлар ўқувчиларига стипендия берилмаслиги, улар ётоқхона билан таъминланмаслиги, йўлкиранинг қимматлиги туфайли, хоҳлайдими-йўқми, мактаб битирувчилари энг яқин коллежга киришга мажбур, ўқишга эмас. Чунки коллежни яхши битирган чоғида ҳам барибир иш йўқ.

“Масалан, Ойим қишлоғидаги енгил саноат коллежини олайлик. Буни битириб чиққан ёшлар учун биттагина фабрика бор. У ердаги барча иш ўринлари банд. Одамлар навбат кутиб турибди. Хўш, битирадиганлар қаерда ишлайди?”- дейди суҳбатдошлардан бири.

Бирликчи А.Орипов умуман, ўзбек ёшларини ёппасига касб-ҳунарли қилиш ғояси, албатта, ёмон эмаслигини таъкидлади.

“Ғоянинг ёмон эмаслиги шундаки, агар коллежлар ўқувчилари битириб чиққанларидан сўнг иш ҳам топа олганида яхши бўлар эди”,- деди А.Орипов.

Лекин, афсуски, реал ҳаётда бундай бўлмаяпти.

Ҳукумат коллежларга реал пул сарфлаяпти. Лекин самара йўқ.

Чунки ўқувчилар гўёки ҳунар ўрганяпти, ўқитувчилар гўёки ўргатяпти. Чунки ўрганилган ҳунарни ишлатиш учун иш жойи йўқ. Чунки от аравага тескари қўшилган. Олдига эмас, ортига.

Натижада юз минглаб, балки миллионлаб касб-ҳунарсиз ўзбек йигит-қизлари Россия ва Қозоғистон меҳнат бозорини энг арзон ишчи кучи сифатида тўлдирмоқда.

Натижада бу ҳақда Қозоғистондаги “Эксперт” нашри ёзмоқда.
XS
SM
MD
LG