Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:51

Тожикистонни қўшнилари ҳам, “Сангтўда” ҳам қутқармайди


Тожикистондаги деярли барча саноат корхоналари иши тўхтайган бўлди. “Барқи тожик” очиқ акциядорлик ширкати бунинг сабаби Норак ГЭСда сув сатҳи кескин пасайиб кетгани билан изоҳламоқда.

Яқинда Россиянинг “РАО ЕЭС” ширкати томонидан қурилаётган “Сангтўда-1” ГЭС илк агрегатлари ишга туширилиши маросимида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон халқига “бундан сўнг лимит соатлари кунига бир соатга узайтирилиши”ни ваъда қилган эди. Бироқ сув кўрмай этик ечган президентнинг ваъдалари қуруқ экани маълум бўлди.

“Барқи тожик” ширкати раиси Шарифхон Самиев чақирган фавқулодда матбуот анжуманида Тожикистондаги саноат корхоналарига электр қуввати бериш бутунлай тўхтатилгани, бунга об-ҳаво кескин совуши натижасида дарёларда сув камайиб кетгани, хусусан, Норак ГЭСда сув сатҳи хатарли нуқтага етиб қолгани сабаб эканини маълум қилди.

Мазкур ширкат бош муҳандиси ўринбосари Рашид Гулов “Озодлик” билан суҳбатда 10 февралга қадар мамлакатдаги барча сув, энергетика ва ёнилғи захиралари батамом тугаши тахмин қилинаётгани, шунинг учун мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилиниб, аҳолини электр қуввати учун таъминлашда янада қаттиқ лимит белгиланишини билдирди.

Унинг айтишича, Тожикистондаги йирик саноат корхоналаридан фақатгина Тожикистон алюминий компанияси ишлаб туради ва бу корхонага бериладиган электр қуввати умумий ҳажми 2 миллион киловатт соатга қисқартирилади.

Р.Гулов Тожикистон бу вазиятда қўшнилари ёрдамидан умид қила олмаслигини таъкидлади.

“Ўзбекистон, Қирғизистон ва МДҲнинг бошқа мамлакатларида аҳвол Тожикистондагидан баттар. Масалан, Тожикистон бир кеча-кундузда электр қувватидан фойдаланишни 16 миллион киловатт соатга қисқартирган бўлса, Ўзбекистонда 40 миллион киловатт соатга қадар чеклов белгилаган. Марказий осиёликлар бошига тушган табиий офат Тожикистонда ҳам, унинг қўшниларида ҳам электр энергиясига эҳтиёж кўпайишига олиб келди”,- Р.Гулов.

Бундан буён Тожикистонда аҳолига кунига атиги бир ярим соат давомида электр қуввати берилади. Саноат корхоналари эса Норак ГЭС тўғонида сув сатҳи етарли даражага кўтарилмагунга қадар умуман ишламайди.

Оддий тожикистонликлар “Барқи тожик” ширкати раҳбарларининг бу баёнотларини катта норозилик билан қаршилади.

Тожикистон Об-ҳавони кузатиш агентлиги раиси ўринбосари Маҳмад Сафаров берган маълумотларга кўра, совуқ циклон Тожикистонда 27 январгача сақланиб қолади.

“Февраль ойи бошларида яна қор ёғиши кутилмоқда. Бу эса дарё сувлари қуришига ва сув омборларидаги сув сатҳи хатарли нуқтадан пастга тушиб кетишига сабаб бўлади. Тожикистон энергетик тизимларидаги фавқуллода ҳолат февраль ойи охирларига қадар давом этиши тахмин қилинмоқда”,- деди Маҳмад Сафаров.
XS
SM
MD
LG