Линклар

logo-print

Маркусни ким калтаклади?


Қозоғистонда германиялик журналист Маркус Бенсманнинг калтакланиб, сўнг тунаб кетилиши Ўзбекистон махсус хизматларининг фитнаси бўлиши мумкинлиги тахмин қилинаётир.

Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари германиялик журналист жиноятчи шахслар томонидан калтаклангани ва бу нохуш ҳодиса унинг профессионал фаолияти билан боғлиқ эмаслигини маълум қилди. Шунингдек, М.Бенсманнинг оила аъзолари, хусусан, унинг рафиқаси, ўзбекистонлик журналист Галима Бухорбоева ҳам бу ҳодисага сиёсий тус бермоқчи эмаслигини билдирган.

Аммо Қозоғистондаги мустақил “Зона.кз” сайтида эълон қилинган мақоласига “Журналистлар хавф остида” ташкилоти раҳбари Розлана Таукина М.Бенсманнга нисбатан ўзбек махфий хизматлари томонидан фитна уюштирилгани эҳтимолдан холи эмаслиги ҳақида ёзади.

Р.Таукина Қозоғистон ҳудудида эркин ҳаракатланишга одатланиб қолган ўзбек махфий хизматлари ва калтакланган германиялик журналист ўртасидаги боғлиқликни изоҳлар экан: “Маълумки, Бенсманн ўзбекистонлик журналист Галима Бухорбоеванинг турмуш ўртоғи. Ўз вақтида Бухорбоева АҚШ Конгрессидаги очиқ тингловларда Андижондаги қонли воқеалар ҳақида кўрсатма берган. Бунга тасдиқ сифатида ўзбек журналисти ўқ тешиб ўтган рюкзагини ҳам намойиш этган. Бухорбоеванинг турмуш ўртоғи эса Ўзбекистон президенти Ислом Каримов режимини қаттиқ танқид қилиб келган”,- деб ёзади.

Қозоғистон полициясининг германиялик журналист шунчаки жиноятчи шахслар нишонига айлангани ҳақидаги фаразини қаттиқ шубҳа остига олган Р.Таукина “Озодлик” билан суҳбатда ўз тахмини асосли эканини таъкидлади.

“М.Бенсманн “Шоколад” тунги клубида бўлган. Бу клубда ҳукумат амалдорлари ҳам дам олади. Журналистлар у ердаги манбалардан бирор маълумот олишга уринади. Ҳамма, жумладан, хорижлик журналистлар айнан шу ердан ўз материаллари учун керакли маълумотлар олишга интилади. М.Бенсманн бу клубга фақатгина овқатланиш эмас, балки ўз материали учун зарур бирор маълумотни қўлга киритиш мақсадида ҳам келган бўлиши мумкин”,- деди Р.Таукина.

Иккинчидан, унинг айтишича, М.Бенсманн дўппосланиб, ёнидаги буюмлар ҳам ўғирланишидан ташқари, узоққа олиб бориб ташланган. Унинг совуқда музлаб ўлишининг нима кераги бор? Агар яна 2 соат кечикилганда у совуқда қотиб ўларди.

Айтиш жоизки, М.Бенсманн Остона-Павлодар йўлида 3 соат давомида ҳушсиз ётган. Ўша пайтда ҳарорат -35 даража бўлган.

Р.Таукина ўтган йили ўзбекистонлик қочқин журналисти Улуғбек Ҳайдаровга ҳам номаълум шахслар томонидан бир неча бор қилинган ҳужумларни ёдга олди. Бундан ташқари, у икки йил аввал Қозоғистонда франциялик журналист Грегори Дебургнинг ваҳшиёна ўлдирилиши ҳам бости-бости қилиб юборилганига эътиборни қаратди.

Р.Таукинанинг таъкидлашича, ўшанда Қозоғистон полицияси бу қотиллик жиноий гуруҳлар иши эканини билдирганди. Аслида эса француз журналисти номаълум манбадан нефть шартномалари ҳақида ноёб ҳужжат олгани маълум бўлганди. У шундан кейин ўлдириб кетилганди.

“Ўзбек махсус хизматлари ҳозир Қозоғистон ҳудуди эркин ҳаракатланади. Улар Ўзбекистон режимининг ашаддий танқидчиси бўлган Г.Бухорбоеванинг эри М.Бенсманнинг Қозоғистонга келганидан фойдаланиб, уни йўқ қилиш операциясини амалга оширган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминларда жон бор”,- деди Р.Таукина.

Унинг сўзларига кўра, одатда Қозоғистон ҳудудидан ўзбек қочқинларини ўғирлаш, хусусан, хорижлик журналистларга ҳужум уюштириш айнан дам олиш кунлари, яъни инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари дам оладиган кунлари амалга оширилади.

“Буларни таҳлил қилиб, М.Бенсманнга айнан шанба куни ҳужум уюштирилгани ҳам шунчаки тасодиф сирасига кирмаслиги ҳам мумкин, деган фикрга бордик”,- дейди Р.Таукина.
XS
SM
MD
LG