Линклар

Буқаламун принцип

  • Ҳурмат Бобожон

http://www.press-service.uz/repository/images/12153/12154 Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Марк Перрен де Бришамбо Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовни президентликка қайта сайлангани билан табриклади.

ЕХҲТ матбуот вакили Михаил Евстафиев бош котибнинг И.Каримов номига табрик мактуби жўнатганини тасдиқлади.

“Бош котиб Марк Перрен де Бришамбо Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовни президентликка қайта сайлангани билан табриклаб хат жўнатди. Ўз хатида жаноб Бришамбо Каримов ўзининг янгиланган мандати билан Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият, жумладан, ЕХҲТ билан ҳамкорлигини яна ҳам кенгайтиришига шубҳа қилмаслигини билдирди”,- деди ЕХҲТ матбуот вакили.

Ўзбекистонда президент И.Каримов ғалабаси билан якунланган сайловни ЕХҲТ демократик мезонларга мос келмади, асл танлов бўлмади, деб баҳолаган эди.

Сайловдан бир ой ўтиб эса ташкилот бош котибининг И.Каримовни табриклаганини қандай тушуниш мумкин?

Бу саволга ЕХҲТ расмийларидан аниқ жавоб бўлмади. Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқ ҳимоячилари эса буни иккиюзламачилик, дея танқид қилмоқда.

Уларнинг фикрича, Европанинг етакчи ташкилоти бош котибининг халқаро танқидларга учраган, танлаш имкони берилмагани ва аксилконституциявий экани айтилган сайловда учинчи муддатга сайланган президентни табриклаши нотўғридир.

Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Отаеванинг айтишича, бунақа табрикларни И.Каримов ҳукумати ўзи юргизаётган сиёсатга бир дастак сифатида қабул қилади.

“БМТ бош котиби, Европа Иттифоқи президентлиги ва ЕХҲТ бош котибининг ҳозирги табриги И.Каримовнинг аксилконституциявий ҳокимият ишғолини маъқуллаш, деб тушуниш мумкин. Бу 27 миллионлик ўзбек халқи юзига лой чаплашдек гап. Чунки Каримовни халқ сайлагани йўқ. Ўзбек халқи авторитаризм эмас, демократия тарафдоридир. Ўзбек халқи ҳуқуқлари ҳурмат қилинишини хоҳлайди”,- деди Надежда Отаева.

Швецияда сиёсий бошпана топган Ўзбекистон мухолифати фаолларидан бири Исмоил Дадажон ҳам шу фикрда.

Унинг сўзларига кўра, ЕХҲТ аксилконституциявий йўл билан ҳокимиятини сақлаб қолган диктаторни табриклаш орқали ўз принципларига зид ҳаракат қилмоқда.

“ЕХҲТ Ўзбекистондаги сайловни нодемократик ўтди, дея танқид қилди ва бу позициясини мустаҳкамлаши керак эди. Яъни ҳеч бўлмаганда бунақа қилиб табриклаши керак эмас эди. Минг афсуски, улар шу қадамни қўйди. Бу Ўзбекистонда диктатор режимини яна ҳам мустаҳкамлайди ҳамда дунёга бўлган террор хавфини янада кучайтиради. Чунки одамлар дунёдаги демократик ташкилотлар ҳам И.Каримовни қўллаб-қувватлаётган экан, деморатия бизга ёт нарса, деб қабул қилади ва улар бошқа йўлларни ахтаришга мажбур бўлади”,- дейди Исмоил Дадажон.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти расмийларидан эса бунга аниқ изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

“Ўзбекистон ЕХҲТ таркибига кирувчи 56 давлатнинг биридир. У бошқа давлатлар билан турли масалаларда сиёсий мулоқот олиб боради ва биз Ўзбекистонни ЕХҲТ иштирокчиси, деб биламиз", - деди ЕХҲТ матбуот вакили Михаил Евстафиев.
XS
SM
MD
LG