Линклар

Етти ўзбек ис газидан ўлди


Қозоғистоннинг Олмаота вилоятидаги шахсий уйларнинг бирида қурилиш-пардозлаш ишларини олиб бораётган ўзбекистонлик етти киши ис газидан заҳарланиш оқибатида ҳалок бўлди.

Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот котиби Наталья Кимнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, Талғар туманидаги Оқтўба посёлкасида ўлган ўзбекистонликларнинг фамилиялари Абдухолиқов, Аҳроров, Қобилов, Исломов, Раҳматуллаев, Қаландаров ва Шодиевдир. Улар 1938-1987 йиллар оралиғида туғилган.

Талғар тумани ёнғинга қарши кураш хизмати департаменти бошлиғи Аноят Масимов ўзбекистонликларнинг ўлими сабаблари ҳақида янада тўлиқроқ маълумот берди.

“Ўзбекистонликлар электр энергияси ишлаб чиқарадиган агрегатдан нотўғри фойдаланиш натижасида ис газидан ҳалок бўлган. Уларнинг жасадлари туман ички ишлар департаменти ўликхонасига юборилди. Ҳозир экспертиза кетмоқда. Ўзбекистонликлар ишлаган хонадон эгалари ҳодиса содир бўлган пайтда уйда бўлмаган. Ҳозир уларнинг қаерда экани аниқланмоқда”,- деди А.Масимов.

Талғар тумани ички ишлар департаменти вакили эса ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг жасадларини экспертиза қилиш ҳали-ҳамон давом этаётгани ва хулоса тез орада тайёр бўлишини билдирди.

Қозоғистонда ишлаётган ўзбекистонликларнинг бирор касаллик ёки бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этиши тез-тез учраб туради. Аммо Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси ўз фуқароларига ёрдам бериш у ёқда турсин, ҳатто бундай ҳодисаларни ўрганишга қизиқиш билдирмаслиги ҳам кўпчиликка маълум.

Ис газидан ўлган ўзбекистонликлар юзасидан элчихона билан боғланган “Озодлик” мухбири бу сафар ҳам шундай муносабатга дуч келди. Дипломатик ваколатхона ходими бу ҳақдаги саволга: “Бизда матбуот котиби штати йўқ”, деган жавобни бериш билан чекланди.
XS
SM
MD
LG