Линклар

“Тожик эйр” ўз муваффақиятсизликларига айбдорларни топди

  • Гулнора Равшан

“Тожик эйр” давлат унитар авиакорхонаси парвоз географиясини кенгайтиришга доир режаларининг амалга ошмаётганида сиёсий омиллар мавжудлигини билдириб, МДҲнинг айрим мамлакатларини айбламоқда.

“Тожик эйр” раиси Ҳокимшо Тиллоев компания парвозлари географиясини кенгайтиришга доир режалар амалга ошмай қолаётганида, аввало, қўшни давлатлардан гина қилди.

“90-йиллар бошига қадар мавжуд бўлган Тошкент-Душанбе авиарейсини қайта тиклаш ва шу йўл билан тожикистонлик фуқароларнинг Яқин Шарққа чиқишини осонлаштиришга доир таклифимизни Ўзбекистон томони ҳамон қаноатлантирмай келмоқда. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси билан ўзаро ҳамкорликка эриша олмаётганимизга ўртадаги сиёсий вазият тўсиқ бўляпти”,- деди Ҳокимшо Тиллоев.

Унинг айтишича, жорий йил бошида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси вакиллари Душанбега келган ва икки давлат ўртасида ҳаво қатновини тиклаш борасида ўз таклифларини ўртага ташлаган.

“Биз Ўзбекистон томонининг барча таклифига розимиз. Тошкент-Душанбе ҳаво йўли очилиши фақатгина Ўзбекистон фойдасига ҳал бўлади. Масалан, Тошкент аэропортидан дунёдаги жуда кўплаб мамлакатларга рейслар бор. Агар Тошкент-Душанбе рейси очилса, тожикистонликлар ва мамлакатимизга келиб кетадиган меҳмонларнинг Олмаота, Москва эмас, балки Ўзбекистон орқали бошқа давлатларга чиқиши осонлашади ва Ўзбекистон иқтисодиёти шунинг ҳисобидан бойийди. Афсуски, Ўзбекистон ҳукумати ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси ҳозирга қадар бу борада аниқ бир хулосага келганича йўқ”,- деди Ҳ.Тиллоев.

Ҳ.Тиллоев ўз ширкати 2007 йилнинг иккинчи ярмида ҳукумат номидан Туркманистон авиакомпаниялари ва ҳукуматига ҳам расмий мактуб билан мурожаат этганини, аммо улардан ҳамон жавоб йўқлигини билдирди.

Шунингдек, “Тожик эйр” ўз парвоз географиясини кенгайтириш ниятида Озарбойжоннинг “Азал” ширкатига ҳам мурожаат этган. Аммо Озарбойжон томони Тожикистоннинг Душанбе ва Боку ўртасида ҳафтада бир марта ҳаво қатнови очиш таклифини қабул қилмаган.

“Озарбойжонликлар тожикистонликлар нонига шерик бўлмоқчи. Улар бизнинг бозоримизни жуда яхши ўрганган. Шунинг учун ҳам бир ҳафтада еттита рейс очишни истайди. Улар Душанбе-Боку-Москва авиарейсини очиб, шу йўл билан кўп сонли москвалик мижозларимизни тортиб олмоқчи, буни тушуниш учун катта ақл керак эмас”,- деди Ҳокимшо Тиллоев.

Мустақил таҳлилчи Маҳди Собир “Тожик эйр” парвоз географиясини кенгайтириш учун, энг аввало, қўшнилар билан муносабатларни ва ўз самолётлари техник ҳолатини яхшилаши зарурлигини таъкидлади.

“Ҳозир бошқалар “Тожик эйр” билан ҳамкорлик қилмаётганига асосий сабаб компания ихтиёридаги самолётлар техник жиҳатдан талабга жавоб бермаслигидир. Қайси давлат ўз фуқароси ҳалокатга учрашини истайди? Компания самолётлари халқаро талабларга жавоб бера олсагина бошқалар у билан ҳамкорликка рози бўлишига ишонаман”,- деди Маҳди Собир.

Тожикистонликлар эса Туркманистону Озарбойжондан кўра, аввало Ўзбекистон билан ҳаво қатновлари тикланиши ва бунинг учун виза тартиби бекор қилинишини хоҳлашларини билдирмоқда.

Айни кунларда Тожикистон билан Ўзбекистон ўртасида фақат юк самолётлари қатнови мавжуд.
XS
SM
MD
LG