Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:38

Андерс Аслунд: “Ҳушёр тортадиган вақт келди”


АҚШ молия бозоридаги кўрсаткичлар пасайиб кетгани дунёдаги асабий инвесторларнинг ўз акцияларини сотишига ва нефть нархининг 10 фоиз тушиб кетишига сабаб бўлди.

Бу Шарқий Европа, Россия, Кавказ ва Марказий Осиё учун нимани англатади?

“Озодлик” мухбири бу саволга жавоб топиш мақсадида Стокгольмдаги Шарқий Европа иқтисодиёти институти директори, Россия, Украина ва Қирғизистон ҳукуматларининг иқтисодий масалалар бўйича собиқ маслаҳатчиси Андерс Аслунд билан суҳбатлашди.

Мухбир: Ҳозирги воқеалар АҚШ иқтисодиёти ортга кета бошлаганини кўрсатадими ёки бу Америкада иқтисодий ўсиш секинлашганини англатадими?

А.Аслунд: Менимча, биз ҳозир гувоҳи бўлаётган воқеалар кўпроқ иқтисодиётнинг ортга кетишига ўхшайди. Сиз жуда яхши вақтлар жуда узоқ давом этди, дейишингиз мумкин. Ҳушёр тортадиган вақт келди.

Мухбир: АҚШ иқтисодиётидаги бўҳрон собиқ Совет Иттифоқи республикаларига қандай таъсир этиши мумкин?

А.Аслунд: Ўтган ҳафтада қадар Россия биржасидаги нархлар ўзгарганини кўрмадик.Сўнгги тўрт кун ичида биржа савдоси кўрсаткичлари кескин пасайиб кетди. Дунё бўйича Украина биржаларида энг яхши савдо бораётган эди. Аммо сўнгги уч кун ичида у ерда ҳам кўрсаткичлар бироз пасайди.

Мухбир: Молия бозоридаги беқарорлик сўнгги ойлар ичида рекорд даражада қимматлашган нефть нархига қандай таъсир этиши мумкин? Агар нефть нархи пасайса, бу Россия ва Марказий Осиё давлатларига қандай таъсир этади?

А.Аслунд: Дарҳақиқат, сўнгги ҳафталар ичида бир баррел нефть нархи 100 АҚШ долларидан 88 долларга, яъни 12 фоиз пасайди. Агар АҚШ иқтисодиётида ҳақиқатан ҳам ортга кетиш кузатилса, нефть нархи вақтинча пасайиши мумкин. Бу Россия, Қозоғистон, Озарбойжон ва Туркманистоннинг нефть экспортидан олаётган даромади камайишига сабаб бўлади. Ўз навбатида, бу минтақага таъсир этади. Айни пайтда пўлат нархининг пасайишини ҳам кузатиш мумкин. Бу, айниқса, Россия ва Украинага салбий таъсир этиши эҳтимоли катта.

Мухбир: Ҳозирги жараёнлар қанча муддат давом этиши мумкин?

А.Аслунд: Афтидан, бу жараён жуда узоқ давом этмайди. Кўпчилик иқтисодиётнинг ортга кетиши кескин бўлиши ҳамда бу олти ойдан тўққиз ойгача давом этиши мумкин, деган фикрда. Бунинг таъсири унинг кўринишидек ёмон бўлмайди.
XS
SM
MD
LG