Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:10

18 кунлик Зафаржон совуқдан ўлди


Тожикистонда электр энергиясидан фойдаланишда лимит белгилашдаги ижтимоий тенгсизлик оддий фуқароларнинг ғазабини келтириб, президент Имомали Раҳмонга ишончсизликни орттирмоқда.

Душанбенинг оддий маҳаллаларидаги пастқам уйлардаги жимжитлик қабристонни эслатади. Ана шундай маҳаллалардаги оилалар жорий ҳафта бошидан буён чироқсиз ўтирганини билдирди. Кўпчилик ҳафталаб чироқсиз қолган оилалар бетонли уйларини исита олмаётгани, бу эса ҳатто ўлимга олиб келаётганидан шикоят қилди.

“Зафаржон бешинчи фарзандим эди, мана шу чироқсизлик туфайли 18 кунлик болам совуқдан ўлиб қолди. Ростини айтсам, ҳукумат шу даража адолатсизлик қилишига ишонмас эдим. Нега электр қуввати барчага баробар тақсимланмайди?”- дейди аламли суҳбатдошлардан бири.

Президент Имомали Раҳмон, шаҳар ҳокими Убайдуллоев, казо-казолар ҳамда киборлар яшайдиган кўчага кириб қолгудек бўлинса, Душанбеда умуман электр энергияси муаммоси йўқ, деган хулосага келиш мумкин. Шу ҳудудда яшовчи Маликахон опа йил давомида уйи чироқсиз қолмаганини таъкидлади.

Ҳукумат идоралари томонидан электр қувватига лимит белгилашда мавжуд бу каби ижтимоий тенгсизлик, душанбеликларни табақаларга ажратиш аксарият пойтахтликлар ғазабини ошираётир.

Ҳукумат идораларининг айрим масъуллари аксарият пойтахтликларнинг зилматда қолаётганида Туркманистон ва Ўзбекистон 2008 йил бошидан Тожикистонга узатиладиган электр энергияси ҳажмини кескин камайтиргани, совуқ циклоннинг тўсатдан кириб келганини рўкач қилмоқда. Душанбе шаҳри ҳокимлиги масъуллари эса аҳоли электр қувватидан фойдаланиш тартибига риоя қилмаётгани кўплаб миттитуманларнинг чироқсиз қолишига сабаб бўлаётганини билдиряпти.

“Шаҳар аҳлига режа бўйича электр қуввати узатиб турилибди. Афсуски, айрим шаҳарликларнинг бир неча электр жиҳозларидан фойдаланиши оқибатида трансформаторлар ишдан чиқиб, бошқаларнинг ҳам чироқсиз қолишига олиб келмоқда”,- дейди Душанбе ҳокими ўринбосари Жамшид Мансуров.
XS
SM
MD
LG