Линклар

Жаҳонда озиқ-овқат нархи кўтарилмоқда

  • Сарвар Усмон

Жаҳон бўйлаб сармоядорлар фонд биржалари бўҳронга юз тутаётгани ва доллар қурбининг тушиб кетаётганини кузатиб турган бир пайтда глобал молиявий бўҳрон кўлами ҳам кенгайиб бормоқда.

Бир томонда АҚШ ипотека кредитлари бозорида юз берган инқироз. Иккинчи томонда озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг жаҳон бўйлаб кўтарилиши.

Бир вақтда рўй бераётган бу икки ҳодиса ўртасида бевосита боғлиқлик йўқ. Лекин улар орасида муштарак жиҳатлар ҳам мавжуд.

АҚШ ипотека бозорида юз берган инқироз бугунги глобал дунёда бир мамлакат иқтисодиётидаги бўҳроннинг бошқалари иқтисодиётида, мутлақо кутилмаган кўринишда акс этиши мумкинлигига далилдир.

Ҳамма нарса ўзаро боғланиб қолган.

Сўнгги икки йил ичида ғалла нархи икки баробардан зиёдроққа ўсиб кетди. Бунинг сабабини иқтисодчилар АҚШ президенти Жорж Бушнинг 2006 йилги қарори билан этанол ишлаб чиқариш ҳажмининг 4 мартага оширилганида кўради.

Нефтга муқобил этанолни ишлаб чиқаришда дон маҳсулотлари муҳим компонентдир.

Айни пайтда Хитой ва Ҳиндистон каби иқтисодиёти жадал суръатлар билан ривожланаётган мамлакатларда озиқ-овқатга бўлган талаб кундан кунга ортиб бормоқда.

Берлиндан тортиб Бишкеккача харидорлар нон учун бир-икки йил аввалгига қараганда икки баравар пул тўлаётгани сабабини мана шу ҳолат билан ҳам изоҳласа бўлади.

БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти эксперти Абдулризо Аббосиён вазиятга изоҳ берар экан: “Тез ўсаётган эҳтиёж ва таклифнинг унга номутаносиблиги дунё бўйлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархлари тўлқинининг кўтарилишига сабаб бўлди ва афтидан бу ҳолат яна давом этади”,- деди.

Ана шундай шароитда Америка ёки Европа ва Осиёнинг етакчи давлатларида иқтисодий ўсиш суръати пасайиб кетса, бу ҳолат озиқ-овқат маҳсулотлари нархида қандай акс этади?

Абдулризо Аббосиённинг фикрича, бу саволга бирдан жавоб бериш мушкул. Чунки нархга, масалан, ғалла нархига таъсир қиладиган омиллар кўп.

“Иқтисодиётнинг ўсиш суръати пасайиши нефть нархи ўсиш суръатининг ҳам пасайишига ёки нархнинг тушишига сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳолат эса биологик ёнилғига эҳтиёжни камайтиради. Ўз навбатида, муайян қишлоқ хўжалик маҳсулотлари нархи кўтарилиши омиллари заифлашади”,- деди А.Аббосиён.

Бу фақат сценарийлардан бири. Бошқа сценарий бўйича дон маҳсулотлари нархи баландлигича қолиши ёки бир тушиб яна кўтарилиши мумкин. Хўш, нега?

А.Аббосиён сўзларига кўра, кейинги ҳафталарда Хитойнинг темир рудаси ҳамда бошқа хомашёга талаби камайиб кетди. Бу эса, ўз навбатида, Хитойнинг юк ташувчи кемаларга эҳтиёжи ҳам камайди, деганидир. Натижада кемалар йўлкираси арзонлади. Бу эса йирик ғалла экспортёри АҚШда етиштирилган дон маҳсулотларига талабнинг жаҳон бўйлаб кучайишига сабаб бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG