Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:24

Озгина қолди! Совуқ чекинмоқда


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:Dk1lXwcl2ci0_M:http://www.nanyac.narod.ru/Firecave.JPG Шу кунларда Ўзбекистонда сўнгги чорак аср мобайнидаги энг совуқ ҳаво сақланиб турибди. Қишнинг кутилмаганда бундай совуқ келиши мамлакат аҳолиси учун дард устига чипқон бўлди.

Сўнгги 10 йилдан бери мамлакатда ҳавонинг ҳарорати -10-12 даражадан тушмас ва совуқ ҳаво 3-4 кундан ортиқ турмасди. Бу йил эса ҳаво ҳарорати
-20 даражадан ҳам пастлади. Бунақа совуқ Ўзбекистонда сўнгги бор 1968 йилда қайд этилгани айтилмоқда.

Изғирин мамлакатда бир ойдан бери сақланиб турибди. Бу йил қишнинг бунақа келиши маҳаллий аҳоли учун кутилмаган бўлган эса-да, Ўзбекистон Об-ҳавони кузатиш маркази бўлим бошлиғи Ирина Зайцева синоптиклар буни олдиндан билгани ва бу ҳақда ўз вақтида хабар қилинганини айтади.

“Ҳаво совуб кетишини синоптиклар бир ҳафта олдин, яъни жуда ҳам ўз вақтида маълум қилди. Ўзи аслида бунақа ҳодисаларни олдиндан башорат қилиш қийин. Лекин бу сафар синоптиклар жуда ҳам ўз вақтида ҳавонинг совишини олдиндан башорат қила олди”,- деди Ирина Зайцева.

Аммо хоразмлик Суҳбат Абдулланинг айтишича, бунақа совуқ маҳаллий аҳоли учун кутилмаган бўлган. Ўзбекистондаги масъул ташкилотлар қаттиқ совуққа етарлича тайёргарлик кўрмаган, аҳолини ҳам бу вазиятдан огоҳ қилмаган.

“Хоразмликлар бу йил ҳам газ етишмовчилиги муаммосига дуч келди. Ана шу етишмовчилик туфайли Хоразмда манзарали ва мевали дарахтларга қирғин келди. Улар чопилиб, ўтин қилинди. Халқ дарахтларни ўтин қилиб қишда зўрға жон сақламоқда”, - дейди Суҳбат Абдулла.

Газ ва электр таъминотидаги узилишлар Самарқандда ҳам кузатилган. Мактаб ва шифохоналарни иситиш учун аввалдан чоралар кўрилмаган.

“Дарахтларни кесиш ҳолатлари бўляпти, шароити борлар тезак билан уйини қиздиряпти. Бозорларда қўлбола печкалар сотиляпти. Айримлар ёғоч чиқиндиларни ҳам куйдиряпти. Ишқилиб, аҳоли қишдан чиқишни йўлини топяпти”,- дейди самарқандлик Комилжон Ашуров.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг билдиришича, Тошкент вилоятининг бир қанча туманларида газ қувурларидаги босимнинг пасайиб кетиши туфайли баъзи мактабларда иситиш тизими музлаб ишдан чиққани учун машғулотлар вақтинча тўхтатиб қўйилган. Одамлар юзага келган вазиятдан ғазабда. Тошкент туманида кишилар газ идораси ходимларини калтаклаган.

“Бекободда эса кўпчилик норозилик билдириб ҳокимнинг олдига кирган. Ҳоким ўзи ҳам совуқда ўтирганини айтиб, мана, сиз президентни сайладингиз, ўша президентга боринг, деб уларни ҳайдаган”,- дейди Суръат Икромов.

Ўзбекистонда қаҳратон совуқ 23 декабрдан, яъни Ислом Каримов давлат бошлиғи лавозимига қайта келгандан кейин бошланди.

Ўзбекистон Об-ҳавони кузатиш маркази бўлим бошлиғи Ирина Зайцева совуқ ҳаво узоқ турмаслигини, 26 январдан ҳаво ҳарорати кўтарила бошлашини маълум қилди.

”Мен совуқдан музлаб қолаёзган ўзбекистонликларни хурсанд қилишим мумкин – 26 январдан биз совуқнинг чекинишини кутяпмиз, ойнинг охирига бориб совуқ фақат тунги соатларда давом этади, кундуз кунлари ҳарорат ижобий томонга ўзгаради”, - дея ишонтирди Ирина Зайцева.
XS
SM
MD
LG