Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:26

Қаҳратон қиш қозоғистонликни ҳам оғир вазиятга туширди


Жанубий Қозоғистонда электр ва газ таъминотида тез-тез узилишлар бўлаётганига изоҳ бераётган маҳаллий корхоналар бу ҳолат Ўзбекистондан газ етказиб берилишидаги муаммоларга боғлиқ эканини айтаётир.

Сўнгги бир ой давомида Қозоғистонда об-ҳаво кескин пасайиб кетди.

“Қозгидромет” компаниясининг билдиришича, ўтган бир ҳафта ичида мамлакатнинг шимолий ҳудудларида кундузи ҳаво ҳарорати -32 даражагача тушиб кетган. Мамлакатнинг кўпгина ҳудудлари, жумладан, Чимкент ва Олмаота шаҳарларида ҳар куни чироқ ўчирилишидан ташқари газ босими ҳам камайгани кузатилмоқда.

Қозоғистонда иситиш тизими газга боғлиқ кўп қаватли уйлар, корхона ва муассасалардан ташқари шахсий уйларда яшовчилар ҳам қийин аҳволда қолди. Мамлакатда шахсий уйларда истиқомат қилувчи аҳолининг ис газидан ўлиши билан боғлиқ нохуш ҳодисалар сони кўпайди. Бу маълумотларни Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот котиби Наталья Ким ҳам тасдиқлади.

“Бу йилги қиш мавсумида ҳарорат аввалги йиллардан, масалан, ўтган йилгидан кўра анча паст бўлди. Афсуски, ҳозир мамлакатда кўп уйлар кўмирда иситилади. Мамлакатда бундай нохуш ҳодисалар доимий бўлиб турибди”,- деди Н.Ким.

Қозоғистон ҳукумати аҳолини иссиқлик билан таъминлаш учун қандай чоралар кўраётганини билишга уринишлар ҳозирча самара бермаётир.

Январь ойи ўрталарида Қозоғистондаги энергетика компаниялари тарқатган баёнотларга кўра, мамлакатнинг кўплаб ҳудудлари, хусусан, жанубий вилоятлар, Олмаота шаҳри ҳамда вилоятида уйлар ва кўпгина муассасалар биноларининг иситилмаётгани Ўзбекистондан табиий газ келтирилиши билан боғлиқ муаммоларга бориб тақалмоқда.

Шунингдек, антимонопол таъриф сиёсати туфайли таъминот корхоналарида тўпланиб қолган қарзлар ҳам мавжуд. Энергия таъминоти корхоналари раҳбарияти электр энергияси нархини ошириш вазиятни яхшилашини айтмоқда, аммо антимонополия идораси бунга йўл бермаяпти.

Бундан ташқари, 10 январь куни табиий монополияларнинг Жанубий Қозоғистонда коммунал хизмат кўрсатувчи 15 субъекти 2008 йилнинг биринчи квартали давомида нархларни оширмаслик ҳақида меморандум имзолаган.
XS
SM
MD
LG