Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:03

Тожикистон иқтисодиёти миллионлаб доллар зарар кўрмоқда


Ҳабибулло Ботиров Тожикистонда сўнгги бир неча йиллардан бери илк бор кузатилаётган, кундан-кун оғирлашиб бораётган ўта кучли энергетика бўҳрони мамлакат иқтисодиётига ҳафтасига миллионлаб доллар зарар келтирмоқда.

Шу кунларда ҳукумат аҳолига белгиланган лимит асосида кунига 3 соат давомида берилаётган электр қувватини икки соатгача камайтирди. Ўта муҳим ҳисобланган алюминий, цемент ва нон заводларидан ташқари мамлакатдаги барча саноат корхоналарига электр энергияси бериш тўхтатилган.

“Барки тожик” холдинг компанияси бош муҳандиси ўринбосари Рашид Гулов бундай бўҳрон сабабини Норак сув омборида сув сатҳи пасайиб кетгани, қўшни Туркманистон ва Ўзбекистон электр энергияси беришни камайтиргани билан изоҳлади. Шунингдек, у электр қуввати етишмаётганига “Ўзтрансгаз” компанияси Тожикистонга етказиб бераётган табиий газ миқдорини учдан бирга камайтиргани ҳам таъсир этаётганини билдирди.

Электр қуввати ва газ танқислигига учраган Тожикистон иқтисодиёти катта зарар кўрмоқда.

Яқинда Сўғд вилояти раҳбари Қоҳир Расулзода электр қуввати етарлича берилмагани туфайли вилоятдаги пахтани қайта ишлаш корхоналарининг ўзи ўтган йили ўн беш миллион сомоний ёки 4 миллион 300 минг доллар иқтисодий зарар кўрганини айтган эди.

Вилоятларда ҳозирча янги йилда юз берган энергетика бўҳрони зарари ҳисоблаб чиқилгани йўқ. Лекин иқтисодчилар кейинги бир-икки ҳафтадаги зарар ўтган йилгидан анча кўп бўлишини айтаётир.

Тожикистон Фанлар академияси Иқтисодий тадқиқотлар институти бўлим мудири, иқтисод фанлари доктори Хўжамуҳаммад Умаровнинг таъкидлашича, иложсиз чора атаб, электр қуввати чеклаб қўйилгани мамлакат иқтисодиётига жуда қимматга тушиши мумкин.

“Ҳисобимча, мамлакатнинг кундалик иқтисодий зарари камида 16 миллион сомонийни ташкил этмоқда. Бир ҳафта ичида бу зарар 60 миллион сомоний ёки 17 миллион долларни ташкил этади. Энергетикани ривожлантиришнинг илмий асосланган стратегияси мавжуд бўлганида юзага келган фавқулодда вазиятнинг олдини олиш мумкин эди”,- деди Х.Умаров.

Унинг сўзларига кўра, “Барқи тожик” компанияси ва Энергетика вазирлиги раҳбарлари президентга кўзбўямачилик қилган ва Сангтўда ГЭСнинг биринчи агрегатини ишга тушириш учун Норак сув омборидан бир мунча миқдорда сув туширишга мажбур бўлган. Натижада Норакда сув камайиб кетган.

Иқтисодчи олимнинг билдиришича, Тожикистонда гигант ГЭСлар қуриш режалари ҳақида ҳадеб гапиравермай, қуёш энергиясидан, ёқилғи энергиясидан фойдаланиш керак. Ўз вақтида Фон-Яғноб кўмирида ишлайдиган иссиқлик электр станциясининг техник иқтисодий асослари ишлаб чиқилган. Ҳозир ҳукумат бу масалани тезликда ҳал қилиши ва ҳатто иккита иссиқлик станцияси қуришга киришиши лозим.

Президент ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази ходими Феруз Саидов ҳам корхоналарнинг ишдан қолгани минглаб одамлар турмуш даражасига салбий таъсир кўрсатишини айтди.

Президент Имомали Раҳмон эса мамлакатда юзага келган вазият учун “Барқи тожик” компанияси раҳбари ва энергетика вазирини айблади ва 25 январь куни ҳукуматнинг телевидение орқали олиб кўрсатилган мажлисида уларни халқ кўзи ўнгида койиган бўлди.

“Сизлар ноинсофсизлар, одамлар совуқдан қотиб қоляпти, газ йўқ, чироқ йўқ, ҳеч бўлмаса, иссиқлик беринглар”, - деди И.Раҳмон ҳукумат аъзоларига қарата.

Лекин уларнинг бирортаси газ ва электр қуввати бўлмаса, иссиқликни қаердан олиш кераклигини айтмади.
XS
SM
MD
LG