Линклар

logo-print

Халқ ҳукуматнинг эътиборсизлигидан норози

  • Гулнора Равшан

Тожикистондаги ижроия ҳокимиятлари қаҳратон қишда электр энергияси ва иссиқлик таъминотидан бебаҳра қолаётган халққа имкон қадар ёрдам бериш чоралари кўрилаётганини билдираётир.

Душанбе шаҳри ҳокими матбуот хизмати бошлиғи Шавкат Саидовнинг билдиришича, пойтахтдаги кўп қаватли биноларда яшовчи аҳолини иссиқлик ва электр билан таъминлаш мақсадида Тожикистон алюминий компанияси учун мўлжалланган электр энергиясининг 2 миллион киловатт соати шаҳарликларга берила бошлаган.

Рудакий тумани ҳокимлиги вакиласи Рисқинисо Худойбердиева эса туманда мактаблар, нафақахўрлар ва Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига 700 килограммдан кўмир тарқатилганини маълум қилди.

Бироқ оддий тожикистонликлар ҳукумат расмийларининг гапларини инкор қилаётир. Улар уйларида ҳафталаб чироқ бўлмаётгани, мактаблар иситилмаётгани сабабли болалар ўқишга қатнамай қўйгани, бунга ҳукуматнинг парвойи палаклигини билдирди. Нафақахўрлар эса шундай совуқ кунларда ижроия ҳокимияти вакиллари кексалар ҳолидан хабар олмаётганидан шикоят қилди.

Ҳар йили куз бошида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ҳокимиятлар раҳбарларига аҳоли ва энг зарур ташкилотларни қишки мавсумга тайёрлаш борасида бош қотиришни буюради. Жойларда президент буйруғи етарли даражада бажарилмаганини бугун қишнинг қаҳратонида қақшаган халқ фарёди ошкор қилди. Ҳаво ҳарорати ҳатто минус 27 даражага қадар совиб кетган кунларда ҳам аксарият тожикистонликлар чироқсиз, иссиқликсиз қолишга мажбур бўлаётир.

25 январь кунги ҳукумат мажлисида Имомали Раҳмон қиш палласида халқни электр ва иссиқлик билан таъминлашни эплай олмаган вазирларга қаттиқ танбеҳ берди. Жумладан, энергетика ва саноат вазири Шерали Гул, “Барқи тожик” компанияси раиси Шарифхон Салимов ва “Тожикгаз” давлат унитар корхонаси раҳбари Фатҳиддин Муҳсиддиновга ўз хатоларини тузатиши учун 6 ой муҳлат берилди. Шу давр мобайнида ишни уддаламаган бу раҳбарлар вазифасидан четлаштирилиши айтилди.

Аммо кузатувчилар бу ҳукумат мулозимларининг навбатдаги спектакли эканини ва бир мулозимнинг ишдан кетиши аҳволни тузатмаслигини таъкидламоқда.

“Тожикистон ГЭСлари ишлаб чиқараётган миллионлаб киловатт электр қуввати Афғонистон ва Покистонга сотилмаганида, энергетика тизими масъуллари электр қувватини ўзи истаганча талон-тарож қилмаганида аҳвол шу даражага бориб етмасди. “Тожикстандарт” яқинда тарқатган расмий маълумотларга кўра, Тожикистон энергетика тизими раҳбарлари Ўзбекистонга режадан ташқари 2 миллион киловатт соат кўп электр қувватини пуллаган”,- дейди мустақил таҳлилчи Маҳди Собир.
XS
SM
MD
LG