Линклар

Ислом Каримов учун “ўта аҳамиятли” ташриф

  • Ҳурмат Бобожон

http://uza.uz/ru/images/410t.jpg АҚШ Қуролли кучлари марказий қўмондонлиги қўмондони адмирал Уильям Фэллонни қабул қилган Ўзбекистон президенти унинг сафарини АҚШ-Ўзбекистон муносабатлари ўта аҳамиятли ҳодиса ўлароқ баҳолади.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, учрашувда минтақавий хавфсизлик, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, шунингдeк, халқаро тeрроризм, наркотрафик, оммавий қирғин қуроллари тарқалиши олдини олиш ва бошқа замонавий таҳдидларга қарши курашиш масалалари муҳокама этилган. Шунингдек, мулоқот чоғида Ўзбeкистонда жамиятни дeмократлаштириш ва либeраллаштириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар билан боғлиқ масалалар ҳақида сўз борган.

Кузатувчилар АҚШ адмиралининг ушбу ташрифи, қолаверса, Европа Иттифоқи вакилининг ўтган ҳафтада И.Каримов тарафидан қабул қилиниши, ЕХҲТ бош котибининг уни президентликка қайта сайлангани билан табриклашини Ўзбекистон ва Ғарб ўртасидаги яқинлашув белгиси сифатида кўрмоқда.

“Афтидан, АҚШ ҳам, Европа тузилмалари ҳам Ўзбекистонда ҳали бери И.Каримовдан бошқа одам келмаслигини тушунган ҳолда ўзаро алоқаларни ўнглаш керак, деган хулосага келган”, - дейди “Эрк” демократик партияси бош котиби Отаназар Орипов.

Лондондаги Халқаро муносабатлар қироллик институти таҳлилчиси Майкл Дэвисон фикрича, бу Ўзбекистон ва Ғарб минтақавий хавфсизлик, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш каби муҳим соҳаларда биргаликда иш олиб бориш лозимлигини тан олгани белгисидир.

Иккинчидан, дейди таҳлилчи, Ғарб узоқ муддатли мақсадларни, жумладан, И.Каримовдан кейинги Ўзбекистонга кўз тиккан ҳолда ҳам у ердаги режим билан ҳамкорликни йўлга қўймоқчи, афтидан.

Ўз навбатида, Ўзбекистон президенти ҳам Андижон воқеалари ортидан Ғарб билан ёмонлашиб кетган алоқаларни яхшилаш истагида эканини намоён эта бошлаган. Декабрь ойида мамлакат конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан Тошкентда ўтказилган йиғинда И.Каримов Ўзбекистон ва АҚШ ҳамда ЕИ ўртасида қандайдир муаммолар мавжуд эмаслигини айтиб, АҚШ ва Европани муҳим шериклар, деб атаган эди.

Афтидан, Андижон воқеалари ортидан Ўзбекистон билан муносабатлари ёмонлашган Ғарб ўзаро алоқаларни янги асосларда тикламоқчи.

Отаназар Орипов назарида, бу ўринда ҳарбий-сиёсий ҳамкорлик инсон ҳуқуқлари ва жамиятни демократлаштириш масаласидан устун қўйилиши, 2005 йил 13 май кунги юзлаб одам ўлимига сабаб бўлган Андижондаги ҳукумат қирғини унутилиши тайин.

“2005 йилда Андижонда мудҳиш жиноят содир этилди. Бу жиноятда Ўзбекистон ҳукуматининг иштироки бор, буни ишонч билан айтиш мумкин. Андижон воқеаларидан кейин И.Каримов ўзини йўқотиб қўяёзди. Энди эса у ўзини ўнглаб олди. Ҳамма нарса жиноят тўғрисидаги ҳақиқатни яширишга қаратилди. Ҳатто муҳим фактлар, муҳим ҳақиқатларни биладиган манбалар йўқотилди. Энди ўзини анча ўнглаб олгандан кейин президент эски ҳаракатларини давом эттиряпти. АҚШ учун, ЕИ учун Ўзбекистон халқининг фикри ва ҳолати унча қизиқарли эмас”,- деди О.Орипов.

Майкл Дэвисон ҳам Ғарб ва АҚШ Ўзбекистондаги И.Каримов режими ўзгаришларга мойил эмаслигини тушуниб етганини айтади. Токи Каримов хокимият тепасида экан, Ўзбекистонда чинакам сиёсий ислоҳотлар ўтказилмаслиги тайин.

“ЕИ ва АҚШ Каримов режими ўзгариши мумкин, деган чўпчакка ҳозир ишонмайди. Бу ерда 2001 йилдаги каби Американинг Ўзбекистон билан яқинлашуви мамлакатга демократия олиб келади, инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилайди, деган оптимистик қараш энди йўқ. Бу ўринда муҳими, режим ичкарисидагилар билан муносабатларни йўлга қўйиш. И.Каримов оламдан ўтса ёки соғлиғи боис вазифасини бажара олмай қолса, унинг ўрнига келиши мумкин бўлганлар билан ҳозирдан муносабатларни йўлга қўйиб олиш муҳимдир”,- дейди Майкл Дэвисон.
XS
SM
MD
LG