Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:02

Ироқ “Ал-Қоида” билан сўнгги жангга тайёр


Ироқ бош вазири Нурий ал-Маликий хавфсизлик кучлари “Ал-Қоида” жангариларига қарши ҳал қилувчи ҳужум бошлаганини билдирди. У сунний жангариларни уларнинг сўнгги қароргоҳи ҳисобланган Мосул шаҳридан сиқиб чиқариш учун Ироқ шимолига қўшимча куч жўнатилганини маълум қилди.

Шиалар учун муқаддас бўлган Карбало шаҳрида жума куни чиқиш қилган Нурий ал-Маликий мамлакат армияси ҳозирда қудратли кучга айланганини таъкидлади.

23 январь куни Мосул шаҳрида содир этилган портлаш оқибатида камида 35 одам ҳалок бўлган, 200га яқини жароҳатланган эди. Полиция идорасига қурол омбори борлиги ҳақида маълумот келгандан сўнг хавфсизлик кучлари уч қаватли бинони ўраб олган. Шу пайт кучли портлаш содир бўлган. Натижада бино қулаган. Юзлаб одам яраланган. Ироқ ҳукумати мазкур ҳужум учун масъулиятни “Ал-Қоида” жангарилари зиммасига юклади.

Эртасига генерал Солиҳ Муҳаммад Ҳасан портлаш юз берган жойдан қайтаётган икки офицер пистирмадан ҳужум уюштирилгани оқибатида ҳалок бўлганини билдирди.

Ироқ пойтахти Бағдоддан 360 километр шимоли-ғарбда жойлашган Мосул шаҳри Нинава вилояти маркази ҳисобланади. Бу шаҳар Бағдодни Сурия, Туркия ва Эрон билан боғловчи муҳим йўлда жойлашган.

Аҳолиси турли миллат вакилларидан ташкил топган Мосул шаҳрида сўнгги бир йил давомида зўравонликлар кучайиб бормоқда. Бунга Бағдод, Анбар ҳамда мамлакатнинг бошқа марказий вилоятлари ва унга туташ минтақаларда АҚШ ҳарбийлари жангариларга қарши ҳужумни кучайтиргани сабаб экани айтилмоқда.

АҚШ армияси матбуот вакили адмирал Грегори Смит шу ҳафта қилган чиқишида Мосул шаҳрини исёнчиларни молия билан таъминланувчи ва хорижлик жангарилар йиғилган жой, деб атади.

Ироқ Мудофаа вазирлиги матбуот вакили Муҳаммад ал-Аскарийнинг таъкидлашича, Мосул шаҳрида хавфсизлик билан боғлиқ вазият жуда сустлашган. Шу боис, у ердаги хавфсизлик ходимлари сонини кўпайтириш зарур.

Полиция вакили Сайид ал-Жубурий сўзларига кўра, ҳозирда қарийб икки миллион аҳоли яшайдиган Мосул шаҳрида атиги уч минг полиция ходими бор.

Ироқ Ички ишлар вазирлиги матбуот вакили генерал-майор Абдул Карим Халаф Мосул шаҳрига қўшимча уч минг полиция ходими жойлаштирилишини билдирди.

Ироқ Мудофаа вазирлиги расмийсининг маълум қилишича, айни пайтда бир неча минг аскар Бағдоддан Анбар вилоятига жўнатилади.
XS
SM
MD
LG