Линклар

Барак Обама Жанубий Каролинада ғалаба қозонди


АҚШда президент сайловида демократлар номзоди Барак Обама Жанубий Каролина штатида номзодларни саралаш пойгасида ғолиб чиқди. Шанба куни ўтказилган сайловда Иллинойс сенатори сайловчиларнинг 55 фоиз овозини тўплади.

Нью-Йорк сенатори, АҚШ собиқ президенти Билл Клинтоннинг турмуш ўртоғи Ҳиллари Клинтон сайловчиларнинг 27 фоиз овозини олиб иккинчи, Жон Эдвардс эса учинчи ўринни эгаллади.

Жорий ой бошида Б.Обама Айова штадаги сайловда ҳам ғалаба қозонганди. Бироқ кейин Клинтон хоним Нью-Ҳэмпшир ва Невада штатларида ўтказилган сайловларда қаторисига икки марта устунлик қилди.

АҚШдаги 50 штатнинг ҳар бирида ўтказиладиган номзодни аниқлаш сайловида демократлар ва республикачилар 4 ноябрь куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловида ўзларининг асосий номзодини аниқлайди.

Ҳозир Б.Обама ва Ҳ.Клинтон 5 февралда бирданига 24 штатда ўтказиладиган дастлабки сайловга тайёргарлик кўрмоқда. Бу сайлов барча номзодлар учун ҳал қилувчи аҳамиятга эгалиги сабабли сайлов кунини америкаликлар “супер сешанба”, деб айтмоқда.
XS
SM
MD
LG