Линклар

Қаҳрамон бой оталар... ёхуд ҳақиқий қаҳрамонлар ким?

  • Абдулла Искандар

Ғафур Раҳимов

Ғафур Раҳимов

«Бугун сиз билан бирга замонамиз қаҳрамонлари кимлар?» деган савол атрофида фикр алмашамиз. Бугунги дастуримизда Тошкентдан таҳлилчи Комрон Алиев¸ Лондондан журналист Шоҳида Ëқуб¸ Австриядан шоир Ëдгор Обид¸ Ослодан педагог олим Абдулла Абдураззоқ ва шоира Гулчеҳра Нуруллаева эшиттиришимиз қаҳрамонлари сифатида ўз фикрларини билдиришади.

Ўзбекистон адабиëти ва санъати газетаси 18 январ куни Ўзбекистон маданият ва спорт вазирлиги томонидан ушбу соҳада эришилган катта ютуқлар учун рағбатлантирилган шахсларнинг рўйхатини эълон қилди. Мукофотланганлар орасида президент Каримовнинг иккита қизи - Гулнора ва Лола¸ Тошкент маҳаллаларида “бой ота” деб ном қозонган иккита криминал авторитет экани айтиладиган Салим Абдувалиев ва Ғафур Раҳимовлар бор. Хўш¸ Лола ва Гулнора ҳамда иккала “бой ота” Салим ва Ғафурлар замонамиз қаҳрамонларими? Мавзу муҳокамасини Ëдгор Обид бошлаб берди.

Ëдгор Обид: Улар Каримов даврасига муносиб одамлардир. Каримов Андижонда 5000 дан ортиқ одамни қонини тўкиб¸ талабалар шаҳарчасидаги намойишлар пайтида бегуноҳ талабаларни ўлдириб, қандай қаҳрамон бўлган бўлса, булар ҳам шундай. Бу қарор Каримов ва у бошқарëтган ҳокимиятнинг атрофда кимларга тенг эканлигини ва уларнинг ҳақиқий башарасини кўрсатди. Олдин ҳам қаҳрамонлик унвонини олган шоирлар бор. Масалан - Абдулла Орипов.

Озодлик: Ëдгор ака, улар қаҳрамонлик унвони олишмади. Улар ютуқлари учун мукофотланишди.Яъни, улар «Ўзбекистон қаҳрамони» деб эълон қилингани йўқ.

Ëдгор Обид: Тўғри, лекин барибир улар шу куннинг қаҳрамонлари сифатида очиқ эълон қилинган. Демак¸ Каримов ўзини иккита қизини ва мафия бошлиқларини замонамиз қаҳрамонлари қилиб кўрсатмоқчи бўлаяпти. Лекин менинг назаримда бошқа қаҳрамонлар бор.

Гулчеҳра Нуруллаева: Бу янгиликни эшитиб ҳайрон қолдим. Бойликлар кимларгадир камлик қилибди шекилли¸ энди шуҳрат гадоси ҳам бўлиб қолишибди. Бу ҳаддан ташқари паст даражадаги маънавий қашшоқлик бўлса керак.
Қурултой меҳмонларидан бири Шоҳида Ëқуб Бакудаги юриш чоғида¸2007 йил.


Шоҳида Ëқуб: Замонамиз “қаҳрамон”лари Ўзбекистонни жуда ҳам ачинарли ҳолатга келтиришди. Мана, президентнинг иккита қизи халқ учун нима қилибди? Мен ҳеч тушунмадим. Кейин Салим Абдувалиев ва Ғафур Раҳимовлар. Ғафур ака баъзи пайтлари хайрия ишлари билан шуғулланган эди. Лекин халқ уларни ўғри¸ мафия деб билади. Энди халқ орасида шу одамларни қанақа қилиб давлатимизнинг “қаҳрамон”лари, деб бўлади? Булар Ўзбекистоннинг на шоири¸ на ëзувчиси¸ на санъаткоридирлар. Нима учун бу мукофотни қўлида ҳунари¸ касби бўлмаган президентнинг иккита қизи олиши керак? Бундан Ўзбекистондаги маънавий муҳит шу қадар тубанлашган, деган хулоса чиқади.

Абдулла Абдураззоқов: Биринчи эшитганимдаëқ дарҳол дўстим Рауф Парфини сўзлари ёдимга келди. ”Менинг нима гуноҳим бор эдики¸ менга бу мукофот берилди”. Бундай тескари жамиятда мукофотлар гуноҳкорларга берилади. Қанчалик кўп ифлос иш қилган одам шунчалик юксак мукофот соҳиби бўлади.

Озодлик: Аммо халқ орасида Қўйлиқдаги Оқ уй маҳалласида яшайдиган Салим Абдувалиевни “бой ота” дея сийлаб гапиришади. Шунингдек¸ Ғафур Раҳимов ҳақида ҳам одамлар яхши фикрларни айтишади.

Комрон Алиев: Маҳалладаги одамлар¸ айниқса, улар ўқиган мактаб ўқитувчилари¸ директорлари томонидан кўп яхши фикрлар айтилади. Шахсан мен ўзим шу мактабни бир ўқитувчиси билан суҳбатлашган пайтимда¸ С. Абдувалиев ўзи ўқиган мактабга ҳар йили 1,5 тонна сариëғ беради¸ яхши ўқиган болаларга ва ўқитувчиларга алоҳида мукофотлар¸ пуллар ажратади, деган фикрларни айтди. Бундан ташқари¸ Оқ уй маҳалласида унга кураш бўйича биринчи бўлиб тренерлик қилган одам яшайди. Унга яхши уйлар қуришга ëрдам берган. Умуман, ҳозирги вақтда Салим ҳақидаги фикрлар анча ижобий. Ғафур ҳақида ҳам анча ижобой гаплар эшитганман.

Озодлик: Бу гапларни сиз ҳам эшитганмисиз, Гулчеҳра опа?

Гулчеҳра Нуруллаева: Бизларга бу гапларни фақатгина шамоли етиб келади. Мен уларни бевосита танимайман ва уларни қилган ишларидан бехабарман. Фақатгина “мафияга алоқадор¸ мафияни оталари” деган гаплар етиб келади. Шунинг учун улар ҳақида менда жуда ҳам маълумот оз. Фақат мени ҳаддан ташқари кўп ҳайрон қолдираëтган нарса уларни фақат бойликка эмас¸ шуҳратга ҳам ўчликларидир.

Озодлик: Гулчеҳра опа, мана сизнинг қаламкаш дўстларингиздан биттаси - Тоҳир Малик “Шайтанат” романини ëзган. Бу романда мафия ўзбек шуурида ижобий тарзда гавдалантирилган. Сизнинг бунга муносабатингиз қандай?

Гулчеҳра Нуруллаева: Мен бу масалага аввал-бошда ижобий қараган эдим¸ чунки бу асар қўлма-қўл бўлиб ўқилиб¸ бестселлер асарлар қаторидан жой олган эди. Лекин асарга иккинчи марта кўз югуртириб чиққанимдан кейин бу асар мафия дунëсини оқлайдиган, ҳатто мафия дунëси оталарига маслаҳатчилик қилган бир асар сифатида менда таассурот қолдирди. Бу китоб одамларга “сен ҳам мафия билан шуғулланавер¸ сенга ҳам оқ йўл¸ улар жуда покиза ва ҳалол одамлар¸ улар жуда жабрдийда одамлар” дейдиган бир фикрни сингдирувчи асар сифатида мени ҳайрон қолдирди. Нега бу фикрлар менга¸ бу асарни биринчи бора ўқиганимда келмади? Тўғри, асар анчагина маҳорат билан ëзилган. Балки мени шу маҳорат чалғитгандир...

Ëдгор Обид: Мен Тоҳир Маликни истеъдодли ëзувчи эканлигини биламан. Бу томондан уни ҳурмат қиламан. Унинг жуда яхши асарлари бор. Лекин “Шайтанат” асарида биринчи мени диққатимни тортган нарса “маслаҳатчи” деган гап. Эътибор беринг - Зокир Алматов. Энди буни бадиий асар сифатида олиб қараганда¸ мен Гулчеҳрахоннинг фикрларига қўшиламан. Бекорга Зокир Алматовни маслаҳатчи қилиб танламагандир. Китобни босилиб чиқишига ҳам ўша одам ва “юқори”дагилар сабабчи бўлган бўлиши мумкин. Бу китоб Тоҳир Маликка мафия ҳақида шундай асар ëзган одам сифатида катта шуҳрат келтирди. Бу асарда “мард ўғрилар” деган гап бор.Қароқчиларни “мард” деб гапиришади. Тўғри, халқ қасоскорлари қадимда бўлган, лекин булар халқ қасоскорлари эмас-ку. Булар ўғрилар. Ўғри қандай қилиб яхши одам бўлиши мумкин? Уни қандай қилиб мард дейиш мумкин?

Озодлик: Демак¸ Тоҳир Малик “Шайтанат” романини ëзганидан беш-олти йил ўтиб¸ Ўзбекистон ҳукумати ҳам мана шу криминал авторитет эканлиги айтилаëтган икки шахсни тақдирлашга қарор қилди. Ўзбекистон спорт кураш ассоциацияси президенти Салим Абдувалиев энг фаол спорт турини ҳомийси сифатида тақдирланди. Шунингдек Ғафур Раҳимов эса спортнинг “халқаро даражадаги фаол тарғиботчиси” сифатида тақдирланди. Гулнора Каримова ëш истеъдодларни қўллаб-қувватлагани учун¸Лола Каримова эса ëш спортчиларни қўллаб-қувватлагани учун тақдирланган. Шоҳида Ëқуб, Ғафур ҳақидаги филм ижодкорларидан бири. Шоҳида сизни фикрингиз қандай? Сиз ҳам мана шу мафия авторитетлари ҳақида халқ орасида ижобий фикр уйғонишига ҳисса қўшдим, деб ўйлайсизми?

Шоҳида Ëқуб: Авваламбор бу филм Ғафур ака ҳақида эмас эди. Бу ББС томонидан олинган филм бўлиб¸ у Ўзбекистон ҳақида эди. У ерда Ғафур Раҳимов Ўзбекистон ишбилармони ва спорт ҳимоячиси сифатида иштирок этган. Иккинчидан¸ Салим¸ Ғафур ва Каримов қизларини қаҳрамон дейилишини мен Ўзбекистон халқига нисбатан ҳақорат, деб ҳисоблайман. Чунки бу одамлар халқ учун ҳеч нарса қилмади. Салим ва Ғафур - ўғри ва мафия билан алоқадор бўлган одамлар. Уларнинг халқаро репутацияси жуда ҳам ëмон. Энди Гулнора ва Лолага келсак, уларнинг хайрия ишлари қайси маблағ ҳисобидан амалга оширилаяпти? Албатта давлат пулидан. Улар қандай катта иш қилишган? Бу тўртталаси ҳам ўз ҳалол пулидан эмас¸ ҳаром йўл билан топилган пулдан шу хайрия ишларини қилишаяпти ва шу ҳаром пул билан қилаëтган ишлари учун президент томонидан улар халқ қаҳрамони, деб эълон қилинди.

Озодлик: Супермен ҳикояси¸ яъни халқни қутқарувчи ботир ҳикояси ўзбек халқ эртакларида ҳам¸ Ҳолливуд киноларида ҳам бор.

Шоҳида Ëқуб: Кечирасиз, лекин на Салим, на Ғафур Робин Гуд эмас. Улар оддий бир мафиячилар. Улар қанақа қилиб супермен бўлади? Супермен ҳеч қанақа криминал билан шуғулланмаган. Робин Гуд бойлардан пул олиб, камбағалларга тарқатган. Энди булар нима қилишаяпти? Масалан, Ғафур Раҳимовни кўпгина Ғарб ташкилотлари наркотик савдоси билан шуғулланадиган одам, деб билишади. Агар у пулни наркотик савдоси орқали топаëтган ва шу пулдан етимларга¸ хайрияга сарфлаëтган бўлса¸ энди бу яхшиликми? Бу жиноий ҳуқуқда “пул ювиш” дейилади.

Озодлик: Биз Ўзбекистонда яшаëтган инсонларга телефон қилиб гаплашганимизда¸ улар иккала “бой ота” ҳақида ҳам илиқ фикрларни билдиришди. Уларнинг етимлар бошини силаëтгани¸ хайриялар қилаëтгани ҳақида айтишди. Энди бир қўли билан ëмонлик қилган одам нариги қўли билан яхшилик қилса, бунинг нимаси ëмон?

Гулчеҳра Нуруллаева: Мен ўйлайманки¸ етимхоналарга¸ кам таъминланган оилаларга алоҳида бир шахслар эмас¸ давлатнинг ўзида мурувват дастури бўлиши керак. “Қўлдан берганга қуш тўймас”, дейди доно халқимиз. Муҳтож одамларни бунақа қилиб кимларгадир ташлаб қўйиш керак эмас. Аксинча, давлат уларга нафақа ажратиш¸ доимий таъминот ажратиш каби йўлларни ҳамда ўзининг йирик бир дастурини ишлаб чиқиб¸ мана шу аснода камбағалларга¸ муҳтожларга ëрдам кўрсатиши керак. Бу нопок йўллар билан топилган пуллар ҳисобига яшаëтган шахсларнинг муруввати ҳисобига амалга оширилмаслиги керак.

Озодлик: Ўзбеклар тўй қилса¸ уйнинг тўрига криминал авторитет ҳисобланган прокурорни¸ терговчини¸ қамоқхона нозирини ўтқизади. Ўқитувчи эса пойгакда қолади. Бу нарсанинг шаклланиш илдизлари қаерда?

Комрон Алиев: Бойга ҳар қандай одамни ҳаваси келади. Чунки у пулни ҳалол йўл билан топаяптими¸ ҳаром йўл билан топаяптими - бир шижоати¸ ҳаракати бор одам ҳисобланади. Одамларда “пули бор одамларга яқинроқ юрсак¸ бизларга ҳам бир-икки сўм тегиб қолади¸ бирор жойда фойдаси тегиб қолади”, деган мулоҳаза мавжуд. Умуман, бу Ўрта Осиëга хос хусусият. Масалан, Афғонистонда амалдорларни қўлларини ўпиш¸ этагини пешонасига суртиш каби одамни хор қилувчи элементлар бор. Бизнинг ўзбек халқи ҳамма урф-одатларини ҳам яхши деб мақташга ҳеч қанақа асосимиз йўқ.

Ëдгор Обид: Биласизми¸ “халқ урф-одатлари¸ халқ мақоллари” деган нарсага мен жуда ҳам эҳтиëткорлик билан қарайман. “Оғзи қийшиқ бўлса ҳам бойнинг боласи гапирсин; бой бойга боқар¸сув сойга оқар”, дейишади. Аслида, бу халқ мақоллари эмас. Бу кимлардир томонидан ўйлаб топилган ва оммалашиб кетган гаплар. Энди ҳаëтда шунақа бўлгандан кейин бунақа гаплар айтилади. Бир мақол эсимга тушиб кетди. ”Етим қўзи асрасанг¸ оғзи-бурнинг мой қилар¸ етим бола асрасанг¸ оғзи-бурнинг қон қилар”. Мен шунақа мақолларни жуда ҳам ëмон кўраман. Гулчеҳрахон тўғри айтди¸ етимлар қандайдир мафиялар ҳисобидан эмас¸ ҳукумат томонидан режали тарзда қилинадиган ишлар ҳисобидан таъминланиши керак. Мафиялар ўғирлик¸ қароқчилик йўли билан топган пулларининг бир парчасини етимларга бериб¸ халқни дуосини олишга ҳаракат қилишаяпти. Салим эрталаб ош берадиган бўлса¸ мингта одам албатта келади. Қорни очлар ҳам келиб¸ ош еб¸ дуо қилиб кетаверади. Аммо ҳозир қорни очлар бир нечта эмас¸ ҳозир халқ оч. Шу билан бирга, буларни “қаҳрамон” деб эълон қилиниши ҳукумат тепасида мафия ўтирганини исботловчи бир далилдир.

Озодлик: АҚШнинг Калифорния штатидаги Лас Вегас шаҳри Италия мафияси пули ҳисобига чўлда бунëд қилингани айтилади. Балки бунинг яхши тарафлари ҳам бордир? Сизнинг бу борада фикрингиз қандай, Шоҳидахон?

Шоҳида Ëқуб: Бу нарсанинг ҳеч қачон яхши тарафи бўлмайди. Агар уйнинг пойдевори ëмон бўлса¸ бу уй узоқ вақт сақланадими? Дарахтнинг илдизи қуриган бўлса¸ ундан яхши дарахт ўсадими? Энди Лас Вегаснинг қурилганига анча бўлди. АҚШ ҳам ўзининг жиноий босқичидан ўтди. Ниҳоят демократияга асосланган давлатни ташкил этди. Ўзбекистонда демократиянинг қанақадир кўриниши борми? Ҳуқуқнинг қанақадир формаси борми? Агар биз порахўрларни¸ жиноятчиларни “давлат қаҳрамонлари” деб эълон қилсак¸ ëш авлодга қандай намуна кўрсатган бўламиз? Ëш болалар ҳам кейин “мен ҳам мафия бўламан”, демайдими?

Комрон Алиев: Мен мактаб ўқувчилари билан “ким бўлмоқчисан?” деган мавзуда бир тажриба ўтказдим. 100та боладан биттаси “мен ўқитувчи бўламан” деган гапни айтмади. Буларни касб танлашида моддий манфаатдорлик тарафга ëндошиш иллати кўзга ташланди.

Озодлик: Адабиëт тарихига назар ташласак¸ Сўфи Оллоëр аввал қароқчи бўлиб¸ кейин тавба қилиб¸ бу йўлдан қайтиб сўфий бўлган. Балки бу “бой ота”ларни хайрия йўлига ўтгани¸ бугунги куннинг ҳақиқати эканлигини эътиборга олиб¸ уларни ўтмишини кечириш керакдир?

Абдулла Абдураззоқов: Ҳозир сиз сўфийликни эслатиб масалага яхши ëндошдингиз. Бу бугунги кунда сўфийликка ниҳоятда боғлиқ. Тарихимизда¸ хусусан, сўфийликда¸ комил инсон масаласида¸ ҳалол билан ҳаромга жуда катта эътибор берилган. Ҳаром аралашган нарса борки¸ ундан ҳазар қилиш керак. Энди Сўфи Оллоëрни тавба қилиши унинг қалбининг тубида рўй берган катта инқилоб билан боғлиқ. Унда ҳаромни кўриб¸ ундан ҳазар қилиш пайдо бўлган. Лекин буни бугунги мафия билан мутлақо қиëслаб бўлмайди. Улар ўзларини ҳаромхўрлигини яшириш¸ ўзлари билиб туриб ишлаган катта гуноҳларини енгиллатиш¸ одамларни кўзига яхши кўриниш мақсадидагина шу ишларни қилишади.

Озодлик: Абдулла ака¸ сиз Ўзбекистонда яшаган пайтингизда маҳаллада обрўли инсонлардан бири эдингиз. Қўйлиқда халқ орасида Салим Абдувалиевнинг обрўси жуда катта. Сиз бу омилга нима дейсиз?

Абдулла Абдураззоқов: Унинг ҳозирги қилаëтган иши - бошлаган ишини давоми. Салим ҳам, Ғафур ҳам ишни машина ўғирлашдан бошлаган. Ўғирланган машина яширилади. Салим эса гўëки қаҳрамон бўлиб¸ ярим пулига машинани топиб беради. Ғафур ҳам шу йўлдан борган. Шу йўл билан улар аслида ўғри бўлса ҳам¸ халқ кўзига халоскор бўлиб кўринишган. Катта миқдорда пул тўплангач¸ улар ишнинг кейинги босқичларига ўтишган. Бу “қаҳрамон”ликнинг тагида одамлар ҳазар қиладиган ҳаром пул ëтади.

Ëдгор Обид: Сўфи Оллоëр авваламбор қароқчи ҳам¸ мафия бошлиғи ҳам бўлган эмас. У амирни солиқ йиғувчи амалдори бўлган. Амалдор сифатида ўз вазифасини бажарган ва бир куни бозорда кетаëтган кекса одамни “менга йўл бермадинг”, деб қамчилаган. Кейин шу қилган иши ўзига таъсир қилиб¸ сўфийлик йўлини танлади. Уни “қароқчи” дейиш мумкин эмас. У солиқ йиғувчи вазифасини бажариб туриб¸ ҳаддидан ошиб кетганлигини сезиб¸ кейин тавба қилган. Лас Вегасга келадиган бўлсак¸ у ерда қуролли одамларга қарши курашилган. Андижондагига ўхшаб қуролсиз¸ ҳимоясиз болаларни¸ чолларни¸ аëлларни отган эмас-ку!

Озодлик: Бугунги кунда Ўзбекистон қаҳрамонлари кимлар?

Абдулла Абдураззоқ: Биз жуда кўплаб қаҳрамонларни келтириб чиқарган¸ бутун имонини¸ виждонини сотиб, тахтга ëпишиб олган “антиқа қаҳрамон” Ислом Каримовни унутиб қўймайлик. Ҳозирги даврда конституцияни бузгани ҳолда, унга қўл қўйиб қасам ичадиган¸ Қуръони Каримда ëзилган ва қилинса гуноҳ бўладиган ишларни қилиб¸ гуноҳга ботгани ҳолда, унга қўл қўйиб қасам ичадиган одамлар бор, деб дунëдаги кўпчилик одамларни ишонтириш қийин.

Комрон Алиев: Мустақиллик учун курашганлар¸ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилаëтган одамлар замонамиз қаҳрамонларидир.

Гулчеҳра Нуруллаева: Мен учун Ўзбекистон қаҳрамони - Юсуф Жума. Бошқа одамни эслолмайман ҳам¸ тилга ҳам олишдан уяламан. Бошқа одамни Юсуф Жумага тенглаштириб бўлмайди.


Шоҳида Ëқуб: Ўзбекистон қаҳрамонлари – Ўзбекистоннинг меҳнаткаш халқи. Ислом Каримов режимининг тазйиқларига¸ репрессияларига қарши турганлар¸ Андижонда 2005 йилда тўпланганлар¸ Россияга¸ Қозоғистонга қул бўлиб кетаëтганлардир.
XS
SM
MD
LG