Линклар

logo-print

Қирғизистонда "Инқилобий қўмита" тузилди


Қирғизистонда мухолифатдаги партиялар томонидан "Инқилобий қўмита" тузилди. Янги тузилган қўмитанинг асосий мақсади 2005 йилдаги 24 март революцияси талабларини амалга ошириш ва амалдаги президент Қурманбек Бакиевнинг истеъфосига эришиш эканлигини айтади "Асаба" партиясининг раҳбари Азимбек Бекназаров.

Азимбек Бекназаров "Инқилобий қўмита" номидан мамлакат президентига мурожаат қилар экан, Асқар Ақаев сингари мамлакатни ташлаб қочиб кетгандан кўра, Қурманбек Бакиев 2005 йилнинг 24 март куни, яъни "Март инқилоби"га уч йил тўлган кунда халқ ишончини оқлай олмагани учун элдан кечирим сўраб, ўз ихтиёри билан президентлик хизматидан кетиш таклифини билдиради.

Инқилобий қўмита вакилларининг фикрича, Қурманбек Бакиев "Март инқилоби"дан кейин ҳукумат тепасига келаётган пайтда халққа берган ваъдаларининг биттасини ҳам бажармаган. Бакиев ҳукумат бошқарувида ошна-оғайничиликка йўл қўяётгани, Асқар Ақаев ва унинг қариндошлари бўлишиб олган мамлакат бойликларини халққа қайтариш ўрнига ўзи ва қариндошлари билан эгаллаб олаётганлари таъкидланади "Инқилобий қўмита" томонидан.

Таниқли сиёсатчи Тўпчибек Турғуналиев қирғиз мухолифати ҳозирга қадар ҳам ҳукумат камчиликлари ҳақида гапириб келганини, лекин "Инқилобий қўмита" халқ ишончини қозониши учун бу ташкилот кўплаб ишларни амалга ошириши кераклигини таъкидлайди. Унга кўра, қўмитанинг ҳозирги ҳаракатлари шунчаки бир чақириқ ва шиорлардан бошқа нарса эмас.

Айрим сиёсатчилар "Инқилобий қўмита"нинг бу ҳаракатлари Бакиевнинг истеъфосини тезлатишига умид билдирсалар-да, баъзилар Азимбек Бекназаров сиёсатдан четлаштирилиб, ҳукуматнинг юқори мансабларига тайинланмай қолганидан аламзадалиги учун шундай ҳаракатлар қилаётганини таъкидлайдилар.

Қирғизистон Президентининг матбуот хизмати раҳбари Дўсали Эсаналиев "Инқилобий қўмита" томонидан билдирилаётган чақириқ ва таклифлардан ҳеч қандай фойда йўқлигини айтади. Дўсали Эсаналиевга кўра, яқинда ўтказилган умумхалқ референдуми ва парламент сайловларида халқ президент Қурманбек Бакиевга қанчалик ишонишини исботлаган.

Азимбек Бекназаровга кўра, "Инқилобий қўмита" радикал йўсинда ҳаракат қилади. Яқин орада қирғизистонликлар митинг ва пикет кўринишидаги кўплаб сиёсий акцияларга гувоҳ бўладилар".

Ҳозирча улар ярим яширин ҳолатда иш олиб борадилар, шунинг учун ўз манзилларини ва қўмита аъзолари сонини ошкор қилмаяптилар. Шунингдек, амалга оширилажак ишлар борасида аввалдан эълон қилинмайди. Бу билан қўмитачилар ҳукуматга ўз режаларини барбод қилишга имкон бермасликни кўзда тутганлар.
XS
SM
MD
LG